Япония инвесторлари билан стартаплар соҳасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-01-20 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Акира Накамура бошчилигида Япониянинг “Aioi Nissay Dowa Insurance” компанияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти, “UzVC” Миллий венчур фонди вакиллари ҳамда стартап лойиҳалар муаллифлари иштирок этди.
Учрашув давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда илғор япон тажрибаси асосида телематика технологияларини жорий этиш, суғурта соҳасида инновацион ечимларни қўллаш ҳамда ушбу йўналишларда стартап-лойиҳаларни ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш ва қўллаб-қувватлаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, муҳокамаларда томонлар рақамли технологиялар асосида суғурта хизматларини такомиллаштириш, хавфсизлик даражасини ошириш ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, учрашувда белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида профессионал билим ва тажрибалар алмашиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар соҳани ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида ҳамкорликда ишлашга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



