Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат бюджети даромадларини прогнозлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–397-сонли Қарори имзоланди
2026-01-07 17:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Қарорга мувофиқ, қуйидаги муҳим йўналишлар бўйича тизимли ўзгаришлар амалга оширилади:
- 2026 йилда прогноз кўрсаткичларини тасдиқлашнинг янги тартиби
– Давлат бюджети даромадлари бўйича чораклик прогноз кўрсаткичлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан даромад манбалари ҳамда чораклар кесимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда тасдиқланади;
– прогноз кўрсаткичлари тасдиқлангандан сўнг уч иш куни ичида туман ва шаҳарларнинг бюджет даромадлари бўйича даромад манбалари ҳамда чораклар кесимидаги прогноз кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан тасдиқланади;
– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри учун белгиланган даромадларнинг прогноз кўрсаткичларига ўзгартиришлар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.
- Давлат бюджети даромадларини прогнозлашда рақамли технологияларни жорий этиш
2026 йилдан бошлаб давлат бюджети даромадларини прогнозлаш ва ҳисоблаш жараёнлари Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизими орқали автоматлаштирилган шаклда амалга оширилади.
Шунингдек, “Электрон ҳукумат” тизими орқали вазирлик ва идоралар ахборотлари тўлиқ интеграция қилинади.
- Кадрлар салоҳиятини ошириш ва методологияни такомиллаштириш
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари мутахассислари учун мазкур Қарорнинг мазмуни, вазифалари ва кутилаётган натижаларини тушунтиришга қаратилган ўқув-тренинглар ташкил этилади.
Шунингдек, давлат бюджети даромадлари прогнозини ишлаб чиқиш тартиби ва ҳисоблаш методологиясини янада такомиллаштириш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига аниқ таклифлар киритиб борилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
