Буюк Британиянинг “АРУП” компанияси ҳамда Жаҳон банки вакиллари билан учрашув ўтказилди
2025-12-12 18:40:00 / Вазирлик янгиликлари
Учрашувда, шунингдек, Жаҳон банки катта мутахассиси Моҳамед Нада, “АРУП” компаниясининг мастер режа ва шаҳарсозлик бўйича Лондондаги гуруҳ раҳбари Артур Смарт, Испания ва Туркиядаги вакиллари Хайме Траспадерн ва Эмре Симсеклар иштирок этди.
Мазкур учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, хусусан, мастер режалар ҳамда “яшил” ва энергия тежамкор лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича тажрибалар ҳамда улардан Ўзбекистон шароитида фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, учрашув давомида “АРУП” компанияси томонидан Самарқанд вилояти Паяриқ туманидаги Челак шаҳарчаси марказидан ўтувчи асосий йўлни тартибга келтириш, шунингдек, тун-у кун режимида ишловчи гавжум кўчага айлантириш ва бу орқали аҳолига қулай шароитлар яратишга қаратилган мастер режа концепцияси ишлаб чиқилаётгани юқори баҳоланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
