АҚШнинг «Flacks Group» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2025-12-04 20:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда «Flacks Group» компанияси вице-президенти Жо Девид Ҳодари, компания вакили Антони Уигглсфворт ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бошқа масъул вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун: Flacks Group — саноат ва реал сектор активларига ихтисослашган халқаро инвестиция компанияси бўлиб, АҚШда ташкил этилган. Компания металлургия, тоғ-кон саноати, кимё, қурилиш материаллари ва ишлаб чиқаришнинг турли йўналишларида фаолият юритувчи корхоналарни ривожлантириш ва модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Flacks Group саноат корхоналарини узоқ муддатли стратегик бошқарув асосида ривожлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Компания Шимолий Америка, Европа ва бошқа минтақаларда саноат активларини бошқариш бўйича тажрибага эга.
Мулоқот давомида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, истиқболли йўналишларни белгилаш, саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва инфратузилма соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар хусусий инвестицияларни жалб этиш, хусусийлаштириш ва трансформация жараёнлари, мавжуд корхоналарни ривожлантириш ҳамда «Flacks Group» компаниясининг юқоридаги соҳалар юзасидан тажрибаси ва амалга оширилган лойиҳаларга эътибор қаратди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик йўналишларини кўриб чиқиш ҳамда фикр ва тажрибалар алмашиш жараёнларини йўлга қўйишга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



