Ўзбекистонда фискал ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштиришнинг долзарб масалалари мавзусида маҳорат дарси ўтказилди
2025-12-03 19:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Стратегияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида,
2025 йил 3 декабрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги
Ўқув маркази томонидан вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун “Ўзбекистонда фискал ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди.
Маҳорат дарсида Ўзбекистондаги мавжуд макроиқтисодий вазият, асосий номутаносибликлар, макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштиришнинг мақсадлари ва тамойиллари, шунингдек фискал ва монетар сиёсат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар макрофискал прогнозлаш, иқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва фискал ва монетар сиёсатда қўлланиладиган моделлар ҳақида амалий маълумотларга эга бўлди.
Тадбирда Тошкентдаги Вебстер университети профессори, иқтисод фанлари доктори (DSc) Худойназаров Ашурали Курбаналиевич маъруза билан иштирок этиб, макрофискал барқарорлик моделлари, фискал ва пул-кредит сиёсатини мувофиқлаштиришнинг институционал асослари ва халқаро амалиётдаги илғор ёндашувлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Семинар доирасида вазирлик ходимлари томонидан берилган саволларга иқтисодчи-экспертлар томонидан жавоблар берилди. Шу билан бирга, мамлакатдаги асосий макроиқтисодий муаммолар, фискал сиёсатнинг самарадорлиги, инфляция ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги муносабат, институционал ислоҳотларнинг аҳамияти каби масалалар кенг муҳокама қилинди.
Ўқув маркази томонидан ташкил этилган мазкур маҳорат дарси стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш, давлат молиясини бошқариш соҳасида таҳлилий салоҳиятни ошириш, кадрларнинг макроиқтисодий моделлаштириш ҳамда прогнозлаш бўйича билим ва кўникмаларини чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси

