Миллий валютада чиқарилган Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари «Йилнинг энг яхши миллий валютадаги облигацияси» деб топилди
2025-11-29 16:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Форум доирасида бўлиб ўтган бир нечта панель сессияларида минтақадаги молия бозорларининг ривожланиши, “ESG” тамойилларини жорий этиш, давлат қарзи билан боғлиқ сиёсат, корпоратив халқаро облигациялар бозорининг истиқболлари ва халқаро инвестиция оқимларининг янги тенденциялари муҳокама қилинди.
Ушбу панель сессияларида Ўзбекистон, Албания, Польша, Словакия, Руминия, Словения, Венгрия каби давлатларнинг юқори даражали ҳукумат ҳамда АҚШ, Буюк Британия, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларининг инвестиция банклари, юридик фирмалар, рейтинг агентликлари ва инвестиция жамғармаларининг раҳбар даражасидаги вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, форумнинг панель сессияларидан бири Ўзбекистонга бағишланди. Хусусан, “Янги Ипак йўли: Ўзбекистон сўнгги йиллардаги ўсишдан фойдаланиб, Марказий Осиёда етакчилик қила оладими?” мавзусидаги сессия Иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Жасур Каршибаев, “Finasia Capital” компанияси бош директори Одилбек Исаков, «Навоийуран» ДК бош директорининг биринчи ўринбосари Хасан Хайдаров ҳамда “Standard Chartered” ижрочи директори Фей Дрю, “Emirates NBD” бош директори Мерт Пойраз каби хорижий инвестиция банклари раҳбарлари иштирокида ўтказилди.
Бунда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари, макроиқтисодий ҳолат, халқаро молия бозоридаги фаол иштироки ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари кенг муҳокама этилди.
Хусусан, 2025 йилдаги мураккаб халқаро муҳитга қарамай, мамлакат иқтисодиёти кучли ўсиш суръатларини кўрсатишда давом этаётгани хорижий ҳамкорлар томонидан юқори баҳоланди.
Шу билан бирга, форум доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари инвестиция банклари (Citi, Deutsche Bank, Emirates NBD, First Abu Dhabi Bank, KFH Capital), рейтинг агентликлари (S&P, Moodyʻs, Fitch) ва юридик фирма (Latham&Watkins) билан яккама-якка учрашувлар орқали келажакдаги ҳамкорликлар юзасидан муҳокамалар амалга оширилди.
Форум сўнггида “Global Banking & Markets” томонидан 2025 йил февраль ойида миллий валютада чиқарилган Ўзбекистон суверен халқаро облигациялари Суверен мамлакатлар, халқаро молия институтлари ва агентликлар орасида “Йилнинг энг яхши миллий валютадаги облигацияси” номинациясида ғолиб деб топилди.
Маълумот учун: Ушбу транзакция хорижий инвестиция банклари томонидан Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка (CEEMEA) минтақасида сўнгги ўн йил ичида ҳамда МДҲ ҳудудида амалга оширилган энг йирик транзакция сифатида қайд этилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




