Австрия Республикаси Федерал Молия вазири ўринбосари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2025-11-28 16:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Австрия томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (AED), Австрия технология корпорацияси (ATC), “BPG Alternative Minerals Reserves AG”, “ILF Consulting Engineers” ва Австриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси директори ТемурМалик Нарзиқулов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Энергия самарадорлиги миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Обид Пардаев ва бошқа масъуллар иштирок этди.
Музокаралар чоғида икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
• молиявий секторни модернизация қилиш;
• энергия тежамкор ва “яшил” технологияларни ривожлантириш;
• иқтисодий жараёнларни рақамлаштириш;
• инфратузилма лойиҳаларида инновацион ёндашувларни жорий этиш.
Томонлар, шунингдек, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш механизмларини ҳам кўриб чиқдилар.
Учрашув доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Австрия Федерал Молия вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, илғор тажрибалар алмашиш ва инновацион технологияларни жорий этишга қаратилган ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб беради.
Меморандумга мувофиқ, ҳамкорликни мувофиқлаштириш, устувор йўналишларни белгилаш (энергия тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш лойиҳалари, барқарор шаҳарсозлик, электрон ҳукуматни ривожлантириш ва давлат хизматларини рақамлаштириш, давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш, кичик ва ўрта бизнесни рақамлаштириш ва бошқалар) ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма ишчи гуруҳ тузилиши белгиланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати






