Канаданинг Ўзбекистондаги Элчиси Кристофер Дагган билан учрашув бўлиб ўтди
2025-11-27 20:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда, шунингдек, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси орқали аҳолининг бюджет жараёнларидаги иштироки, ёшларнинг иқтисодиётдаги ўрни, рақамли хизматлар ва ФинТех ривожи, таълим ва демографик йўналишдаги натижалар, «яшил» иқтисодиёт ва энергия самарадорлиги бўйича пилот лойиҳалар, Канада билан технологик ҳамкорлик имкониятлари ҳамда қўшма ишчи гуруҳ тузиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Элчи Кристофер Дагган Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, IT Park инфратузилмаси ва рақамли экотизимни юқори баҳолаб, Канада компаниялари учун энергетика самарадорлиги, «яшил» технологиялар, инновацион қурилиш ва карбон нейтраллик бўйича ҳамкорлик имкониятлари мавжудлигини билдирди.
Томонлар, айниқса, «яшил» иқтисодиёт бўйича қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, хусусан, энергия тежамкор технологияларни синовдан ўтказиш ва пилот лойиҳалар асосида кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Ўзбекистонда иссиқлик насослари, экологик тоза совуткичлардан фойдаланиш, «ноль эмиссия» биноларни қуриш бўйича бир нечта синов лойиҳалари амалга оширилаётгани, уларнинг натижалари асосида республика миқёсида кенгайтириш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида қўшма ишчи гуруҳ тузиш таклифи илгари сурилди. Ушбу ишчи гуруҳ икки давлат компаниялари ва экспертлари ўртасида «матчмакинг» — аниқ эҳтиёжлар ва имкониятларни мослаштириш, ҳамкорлик лойиҳаларини шакллантириш ҳамда пилот ташаббусларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Канада томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш давом эттирилиши билдирилди. Томонлар ўзаро манфаатли йўналишлар бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати

