Халқаро валюта жамғармаси миссияси доирасида якуний учрашув бўлиб ўтди
2025-11-22 21:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ХВЖ катта иқтисодчиси Этибор Жафаров, Ўрта Шарқ ва Марказий Осиё билан ишлаш бўлими катта иқтисодчиси Алехандро Симоне, ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Суҳбат давомида томонлар мамлакатимизда иқтисодий-молиявий ривожланиш, хусусан, макроиқтисодий кўрсаткичлар, инфлацияни барқарор равишда камайтиришда эришилаётган натижалар ва белгиланган мақсадлар, хусусийлаштириш жараёнлари ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, буджет ва солиқ бошқаруви масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Халқаро валюта жамғармаси вакиллари томонидан Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатлари ва ривожланиш истиқболлари ижобий баҳоланди. Шунингдек, глобал иқтисодий ноаниқликларга қарамасдан, макроиқтисодий кўрсаткичларни ошириш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишда юқори натижалар қайд этилаётганлигига эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш юзасидан эришган натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, муҳокамалар давомида келгусида иқтисодий-молиявий ислоҳотларни жадал давом эттириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфлацияни назорат қилиш, иқтисодиётда давлат улушини камайтириш ва хусусий сектор ролини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Музокаралар якунида томонлар манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш юзасидан келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



