«Ўзбекистонда яшил ривожланишни молиялаштириш: имкониятлар ва истиқболлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
2025-11-20 12:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда соҳага тааллуқли вазирлик ва идоралар вакиллари, халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари раҳбарлари ва экспертлари, фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар, Франция тараққиёт агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Оливиер Грандвоинет ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии очиб берди. Очилиш қисмида яшил иқтисодиёт соҳасида, хусусан яшил молиялаштиришни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган жадал ислоҳотлар, янги ташаббуслар ҳамда халқаро ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар ва натижалар юзасидан ижобий фикрлар билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда яшил молиялаштириш тизимини такомиллаштириш бўйича миллий Дастур юзасидан амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар тўғрисида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили томонидан батафсил маълумот берилди.
Тадбирнинг асосий қисмида БМТТД вакиллари томонидан ишлаб чиқилган муҳим ҳужжат – Ўзбекистонда яшил ривожланишни молиялаштиришни баҳолаш ҳисоботи (Green Development Finance Assessment for Uzbekistan) тақдимот қилинди. Тақдимотда яшил молиялаштириш соҳасида, хусусан яшил бюджетлаштириш тизими, яшил облигациялар, миллий яшил таксономия тизими ҳамда яшил инвестицияларни жалб қилиш ва мониторингини юритиш бўйича муҳим маълумот ва тавсиялар берилди.
Тадбир сўнгида, иштирокчилар ва экспертлар ўртасида мазкур соҳани янада ривожлантириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати





