«Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш» мавзусидаги III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбати: биринчи кун
2025-11-18 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Таъкидлаш жоизки, бугунга қадар 34 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 2 800 та ДХШ лойиҳалари турли босқичларда амлага ошрилмоқда. Бундай натижадорликка эришишнинг асосий омили бу албатта соҳани ривожлантиришда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлардир.
ДХШнинг давлат харидларидаги ролини ошириш ва шу орқали хорижий ва маҳаллий инвесторларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида жорий йилнинг 18–19 ноябрь кунлари Тошкент шаҳридаги «Hyatt Regency » меҳмонхонасида «Давлат-хусусий шериклик орқали хусусий капитални мобилизация қилиш» мавзусида III Давлат-хусусий шериклик давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Форум Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган иқтисодий ўсиш мақсадлари ва 2030 йилгача 30 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ДХШ лойиҳалари дастурини амалга ошириш йўлида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, янги молиявий ечимлар ишлаб чиқиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилди. Тадбир давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инфратузилма ва ижтимоий соҳаларда барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Давра суҳбати икки кун давом этади. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда ОТБнинг Бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик офиси раҳбари Такео Коике очиб берди. Шунингдек, очилиш маросимида:
• Халқаро молия корпорацияси (ХМК)нинг Давлат-хусусий шериклик ва корпоратив молиявий маслаҳат хизматлари бўйича глобал директори Линда Рудо Мунегетерва;
• Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ)нинг Марказий Осиё ва Монголия бўйича бош директори Ҳусейин Озҳан;
• «Vision Invest» компанияси Президенти ва Бош ижрочи директори Омар Ал-Мидани;
• «Aksa Energy» директорлар кенгаши раиси ва бош директори Жамил Казанжи;
• SUEZ Group компанияси бош вице-президенти, Марказий Осиё ва Кавказ бўйича ижрочи директори Силвер Делоне сўзга чиқиб, ДХШ соҳасининг мамлакат иқтисодий барқарорлигидаги ўрни ва истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Давра суҳбати аввалида дунё бўйича етакчи олийгоҳлардан бири бўлган Станфорд университети профессори Майкл Беннон томонидан Ўзбекистоннинг ДХШ моделини энергетика, таълим, тиббиёт ва бошқа муҳим соҳаларга фаол татбиқ этиш бўйича амалдаги тажрибаси Станфорд университетининг ўқув дастурига киритилаётгани эълон қилинди. Бу қарор Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда ДХШ соҳасида босиб ўтган ислоҳотлар йўли, амалий тажрибаси ва тизимли ёндашувининг халқаро академик доираларда ҳам юқори эътироф этилаётганини кўрсатиб, мамлакат моделининг глобал миқёсда ўрганилиши ва илмий-методик асос сифатида қўлланилишига кенг имконият яратиши таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, «Инчеон» халқаро аэропорт корпорациясининг вице-президенти ва бизнесни ривожлантириш бўйича директори Сан Ёнг Ли томонидан замонавий аэропортларнинг глобал транспорт тизимидаги стратегик ўрни, уларнинг минтақавий рақобатбардошликка, савдо ҳажмининг ошишига, инвестициялар оқими ва туризм ривожига кўрсатадиган бевосита таъсири ҳамда иқтисодий ўсишнинг муҳим драйвери сифатидаги аҳамиятига бағишланган маъруза тақдим этилди.
ДХШ соҳасида рақамлаштиришни жадаллаштириш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлги томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини бошқаришнинг ягона электрон платформаси — «ppp.imv.uz» ишга туширилаётгани эълон қилинди.
Унинг асосий мақсади лойиҳалар сифатини ва инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, уларнинг молиявий ва институционал барқарорлигини таъминлаш, соҳада сунъий интеллектдан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда ташаббусдан амалга оширишгача бўлган жараённи самарали ва тежамкор бошқаришни йўлга қўйиш экани қайд этилди. Мазкур платформа 2026 йил 1 январдан тўлиқ иш режимида фаолият юритади.
Форум доирасида бир қатор муҳим меморандум ва ҳужжатлар имзоланди. Жумладан:
I. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида икки томонлама Англашув меморандуми;
II. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Al Arkkan» компанияси ўртасида Тошкент ва Фарғона шаҳарларида «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлиги бўйича интеграциялашган миллий тизим яратиш» лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорлик келишуви;
III. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «K-dot» компанияси ўртасида «Ҳамширалар малакасини ошириш ва уларни чет элда иш билан таъминланишига кўмаклашиш» лойиҳаси бўйича Англашув меморандуми;
IV. Нукус шаҳар иссиқлик тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси бўйича Саудиянинг «Saudi Tabreed» компанияси ва «Иссиқликтаъминоти» АЖ ўртасида Битимнинг асосий шартларини имзолаш;
V. Самарқанд вилоятида электр энергияси тақсимлаш тармоқларини модернизация қилиш ва хусусий шерик бошқарувига бериш лойиҳасининг халқаро тендер натижаси бўйича Aksa компаниясига ғолиблик тақдимномасини топшириш;
VI. «Рискларни қисман кафолатлаш» бўйича тегишли битимларни имзолаш.
Лойиҳалар:
1. Қорақалпоғистонда 200 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ҳамда 100 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси бўйича;
2. Самарқанд вилоятида 500 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 334 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси (Sazagan Solar 1);
3. Самарқанд вилоятида 500 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 334 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси (Sazagan Solar 2).
VII. Қорақалпоғистонда Республикасида жойлашган 135 та насос станцияларни модернизация қилиш ва хусусий бошқарувга бериш бўйича «Miahona» компанияси ва Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида ҳамкорлик битимига қўшимча келишув;
VIII. Хоразм вилоятида жойлашган 250 та насос станцияларни модернизация қилиш ва хусусий бошқарувга бериш бўйича «Miahona» компанияси ва Сув хўжалиги вазирлиги ўртасида ҳамкорлик битими;
IХ. Урганч халқаро аэропортини модернизация қилиш ва хусусий шерик бошқарувига бериш юзасидан Жанубий Кореянинг «Инчеон» компанияси ҳамда Иқтсодиёт ва молия вазирлиги ўртасида «Давлат томонидан қўллаб қувватлаш тўғрисидаги» битим.
«Ютуқлар ва асосий қийинчиликлар» мавзусидаги биринчи панель муҳокамасида Ўзбекистоннинг ДХШ портфели миқёс ва қиймат жиҳатидан сезиларли даражада кенгайгани йўлида эришилган ютуқлар ёритилди. Шунингдек, ҳуқуқий-меъёрий база, лойиҳаларни тайёрлаш жараёнлари ҳамда бозор салоҳияти билан боғлиқ асосий муаммолар муҳокама қилинди. Мазкур сессия ДХШ лойиҳаларини амалга оширилишида дуч келинаётган асосий муаммолар ва уларнинг ечими ҳамда эришилган ютуқлар ва уларнинг натижадорлиги юзасидан аниқликлар киритилди.
Иккинчи панель сессия «Асосий муаммоларга ечимлар: ДХШ учун инновацион молиялаштириш ёндашувлари ва молия манбаларини диверсификация қилиш» мавзусига бағишланди.
Ушбу сессияда ДХШ соҳасида молиялаштиришнинг янги инструментлари ва замонавий ёндашувларини жорий этиш йўлида амалий ечимлар муҳокама қилинди. Диққат марказида янги молиялаштириш механизмларини жорий этиш ҳамда капиталнинг турли манбаларини сафарбар этиш масалалари бўлди.
Мунозараларда аралаш (blended) молиялаштириш моделлари, хатарларни камайтирувчи воситалар, шунингдек хусусий сектор ишончини мустаҳкамлаш ва унинг турли соҳалардаги ДХШ лойиҳаларида фаол иштирокини кенгайтириш стратегиялари батафсил таҳлил қилинди. Натижада сессия ДХШ тизимини, молиявий жиҳатдан хилма-хил ва хусусий сектор учун жозибадор йўналишда ривожлантириш бўйича аниқ амалий йўналишларни шакллантиришга хизмат қилди.
Шу куни ОТБнинг Бозорларни ривожлантириш ва давлат-хусусий шериклик офиси раҳбари Такео Коике томонидан глобал «PPP Monitor» платформаси тақдим этилди. Унда Ўзбекистоннинг ДХШ тизимидаги ўсиш динамикаси, секторлар кесимидаги лойиҳалар ҳажми ва халқаро таққослама кўрсаткичлар ёритилди.
Сессияда ОТБнинг Ўзбекистон бўйича мамлакат операциялари раҳбари Мирзо Искандар Гуламов кириш сўзи билан иштирок этди. Шунигдек, «Veolia», «Metito», «Voltalia» ва «ACWA Power» компаниялари вакиллари ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги ўз нуқтаи назарларини билдирди. ДХШ лойиҳаларидаги рискларни молиялаштириш бўйича ечимлар ёритилди. Якунда «PPP Monitor» бўйича савол-жавоблар сессияси ўтказилди.
Кун якунида «Маслаҳатчилар нигоҳида ДХШ дастурларини илгари суриш» мавзусида учинчи панель сессияси ўтказилди. Сессия давомида давлат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, ДХШ дастурининг ривожланишини жадаллаштириш ҳамда лойиҳаларни тез ва самарали амалга оширишда маслаҳатчи компаниялар бажарган муҳим ишлар ёритилди.
Форумнинг биринчи куни якунланар экан, ДХШ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, халқаро тажриба алмашинуви ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташаббусларнинг амалий натижалари яна бир бор тасдиқланди. Кун давомида билдирилган фикр ва таклифлар ДХШ тизимини институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш, лойиҳалар сифатини ошириш ва хусусий сектор иштирокини янада рағбатлантиришга қаратилган кейинги қадамлар учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати









