Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг қишлоқ ҳудудларида инфратузилмалар янгиланмоқда
2025-11-14 12:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Лойиҳа орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙдаги долзарб масалалар қамраб олиниши белгиланган. Жумладан, унинг 1-босқичи орқали 2024-2025 йилларда 111 та янги ижтимоий соҳа объектларининг янгидан қурилиши давом этмоқда. Ҳудудларда барпо этилаётган умумтаълим мактаблари, давлат мактабгача таъим ташкилотлари, оилавий шифокорлик поликлиникалари каби янги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли тадбиркорлигини оширишга қаратилган маҳалла маиший хизмат кўрсатиш марказлари орқали олис маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳоли турмуш шароити яхшиланмоқда.
Лойиҳанинг 2-босқичи реконструкция ва мукаммал таъмирлаш, ижтимоий соҳа объектларига қўшимча бинолар қуриш каби ишларига оид умумий ҳисобда 801 та сублойиҳалар бажарилади. Айни кунларда 1-босқичдаги янги қурилиш объектларининг аксариятида қурилиш ишлари якунланган бўлиб, 2-босқичдаги инфратузилма-муҳандислик ишлари бошлаб юборилган.
Хусусан, Хоразм вилотининг Урганч, Хонқа ва Ҳазорасп туманлари, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа туманларидаги маҳаллаларда пудратчи ташкилотлар томонидан ички йўлларни асфаллаш, йўл четларида пиёдалар йўлакларини қуриш, кўчаларда ёритиш чироқларини ўрнатиш, электр трансформаторларини янгилаш, ирригация объектлари ҳамда мактаблар учун қўшимча бинолар барпо этиш каби ишлар олиб борилмоқда.
Биргина Хоразм вилоятида лойиҳа натижасида 21 та умумтаълим мактаблари, 14 та давлат мактабгача таълим муассасалари, 7 та оилавий шифокорлик пунктлар, 55 та асосий ва ички йўллар, 23 та ичимлик сув тармоқлари, 43 та электр таъминоти тизими, 14 та суғориш ва ирригация иншоотлари, 31 та пиёдалар йўлаги ва тунги кўча ёритиш тизимлари ҳамда 12 та маҳалла маиший хизмат кўрсатиш марказларини янгидан қуриш, мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш каби ишлар амалга оширилади.
Кўчаларда ичимлик суви тармоқлари тортилиб, йўллар асфальтланиши маҳаллий аҳолининг йиллар давомида интиқлик билан кутган ўзгаришларидан. Электр таъминотининг яхшиланиши эса куз-қиш мавсумида уларнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз. Шунингдек, йўл четида тротуарлар янгиланиб, кўча ёритиш чироқлари ўрнатилиши аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилмоқда.
«Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасида ирригация тизимларини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бу тадбирлар деҳқон ва фермер хўжаликларининг ҳосилдорлигини оширишга ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини яратади.
Лойиҳа доирасидаги ушбу ишлар мамлакатимизда қишлоқ жойларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш орқали уларни рози қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадларига хизмат қилмоқда.








