“Коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди
2025-11-11 17:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу семинар-тренингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс назорати бўлими етакчи мутахассиси Муҳаммад Абдураззоқов, Давлат харидлари сиёсати департаменти бош мутахассиси Дилфуза Урақова ва Ўқув маркази катта ўқитувчиси Санжар Болтаев томонидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» ва «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонунларнинг мазмун моҳияти, «Давлат харидлари миллий ва халқаро тажриба, амалиётдаги муаммолар», «Давлат харидлари соҳасида коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва бартараф этиш» мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Мазкур семинар-тренингда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати ҳамда вазирлик тасарруфидаги ташкилотларда коррупциявий хавф-хатарга мойил бўлган функцияларни амалга оширувчи лавозимларда меҳнат (хизмат) фаолиятини олиб борувчи ходимлар иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчиларга сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувини бошқариш борасида олиб борилаётган ишлар, давлат хизматчилари фаолиятида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш бўйича чекловлар ҳамда давлат харидларида коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ҳақида батафсил тушунтириш берилди.
Шунингдек, семинар давомида коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг салбий оқибатлари ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.
Семинар-тренинг савол-жавоб шаклида ташкил этилиб, иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати







