«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходимлари томонидан навбатдаги кўчат экиш тадбири ўтказилди
2025-11-08 11:35:00 / Вазирлик янгиликлари

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, бўлимлари ҳамда тизим ташкилотлари ходимлари томонидан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида дарахт экиш ишларини амалга оширилди.
Тадбирнинг мақсади ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, чанг ва иссиқликни камайтирувчи яшил ҳудудларни кўпайтириш ва иқлимий бардошлиликни оширишдан иборат бўлиб, экилган дарахтлар келгусида ҳавонинг сифати, маҳаллий микроиқлим ва тупроқ унумдорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Ушбу ташаббусда ходимларнинг бевосита иштироки экологик маданиятни кучайтиришга, жамоатчилик билан очиқ мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек аҳолининг атроф-муҳитга масъулиятли муносабатини рағбатлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур фаолият мамлакатимизда экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва аҳолининг ҳаёт сифати яхшиланишига қаратилган стратегик мақсадларни амалга оширишга муҳим ҳисса қўшади.
Ўзбекистоннинг экологик сиёсати ва «Яшил макон» ташаббуси доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ушбу ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати









