Наманган вилояти Ички ишлар бошқармасида коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди
2025-10-31 15:20:00 / Янгиликлар

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ички ишлар органлари ходимлари, прокуратура ва адлия тизими вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари иштирок этди.
Давра суҳбатида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, тизимда очиқлик, шаффофлик ва масъулиятни кучайтириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, депутатлар томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Хаитов ўз чиқишида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, коррупция жамият тараққиётига энг катта тўсиқлардан бири эканлиги, унинг илдизини кесиш учун фақат жазолаш эмас, балки ҳалоллик, виждонлилик ва масъулият маданиятини ҳар бир соҳада қарор топтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, давра суҳбати давомида депутатлар томонидан «Ҳалоллик вакцинаси», «Коррупциясиз тизим сари» каби тарғибот ташаббусларини жойларда кенг жорий этиш, ходимларнинг ахлоқий масъулияти ва фуқароларга хизмат маданиятини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, унда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тегишли соҳаларда амалий ишларни кучайтириш бўйича келишувга эришилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати






