ИИВ ишчи гуруҳи томонидан пойтахтнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти, шунингдек кўнгилочар ва савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишларни ўрганиш давом этмоқда
2025-10-13 09:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, Чилонзор тумани “Ботирма” маҳалласида ташкил этилган 24/7 хизмат кўрсатиш, туристик ва гастрономик кўчасида “Food and Music Fest” фестивалининг ўтказилиши жараёнлари, шунингдек мажмуада аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишилди. Мазкур масканда хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Туманнинг “2-Чарх Камолон” маҳалласида жойлашган 22-сонли меҳрибонлик уйи (Хлебушкина) тарбияланувчилари учун яратилган қулайликлар, куз-қиш мавсумида электр энергия билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишини олдини олиш ва бартараф этиш чоралари самарали ташкил этилганлиги ўрганилди.
Тадбир жараёнида, Чилонзор тумани “Чилонзор” маҳалласида жойлашган “Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси”нинг ҳудудий бўлинмаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Масъуллар ва мураббийлар билан ўтказилган суҳбатда, аралаш жанг санъатини ўсмирлар, ҳаваскорлар ва профессионаллар ўртасида ривожлантириш, малакали мураббийлар тайёрлаш ва спортчиларнинг касбийлашувига кўмаклашиш, спортчиларнинг соғлиги устидан тиббий назоратни такомиллаштириш, шунингдек мураббийлар ва ҳакамлар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, тумандаги Кичик ҳалқа йўли кўчаси бўйлаб фаолият юритувчи савдо шохобчалари қаторида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлашга жалб этилган шахсий таркибнинг жанговар ва тезкор шайлиги назорат тариқасида текширилди. Қўриқлаш хизматларининг фаолиятини самарали ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернатини фаолияти ўрганиш жараёнида ўқувчилар учун қулай ва замонавий таълим муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, бино хоналари иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда хавфсизлик чоралари самарали ташкил этилганлигига эътибор қаратилди.
Учтепа туманида ўрганишлар давом этиб, 2-сонли ИИБ фаолияти билан танишилди. Давлатимиз раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарорларини ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилган чора тадбирлар натижасида Учтепа тумани криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллалардан ҳоли ҳудудга айлантирилгани эътироф этилди.
Шунингдек, тумандаги "Zara" номли тунги кўнгилочар клуби фаолияти ва хавфсизлик чоралари билан танишилди, ёнғин хавфсизилиги ва фавқулодда ҳолатда шайликни ошириш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Учтепа тумани бўйича яратилган ижобий тажрибани пойтахтнинг бошқа туманларига татбиқ этиш вазифаси қўйилди.
Тадбир давомида тумандаги “Ўрикзор савдо комплекси” МЧЖ савдо мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишилди. Мазкур масканда хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.









