Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан пойтахт бўйлаб ўрганиш ишлари давом этмоқда
2025-10-05 14:10:00 / Янгиликлар

Хусусан, Бектемир туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Нурафшон” маҳалласида жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан ташкил этилган ишлар бўйича маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди.
Маҳаллада содир этилаётган олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар сони ошиб кетишига йўл қўйилгани қаттиқ танқид қилинди. Ҳудудда криминоген вазиятни жиловлаш мақсадида жиноятларнинг сабаб ва омилларини тизимли ва илмий таҳлиллар орқали аниқлаб, келгусида уларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, ҳудуднинг туристик салоҳиятини ҳамда фуқароларнинг яшаш жойлари бўйича рўйхатдан ўтишларини он-лайн тизимини самарадорлигини ошириш ишларини намунаси сифатида Сомонбозор кўчасидаги оилавий меҳмон уйи фаолияти ўрганилди.
Тадбир давомида туманнинг “Нурли йўл” маҳалласида жойлашган “Food city Tashkent” савдо мажмуасида аҳолига хизмат кўрсатиш шароитлари билан танишилди. Мазкур масканда хизматни ташкил этиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Яшнобод туманида ўрганишлар давом этиб, кўп йиллар давомида “қизил” тоифада қолаётган “Ҳосиятли” маҳалласидаги жиноятчилик аҳволи бўйича тақдимот билан танишилди, маҳаллада олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ошганлиги қаттиқ танқид қилинди. Жиноятларни барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгиланиб, маҳалла фаоллари ҳамда ҳудудга бириктирилган масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Тадбир давомида “Асалобод” маҳалласида жойлашган “Аджу” университетининг ётоқхонасида талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, куз-қиш мавсумида электр энергия билан узлуксиз таъминланганлиги ҳамда авариявий ёки бошқа фавқулодда ҳолатлар юзага келишини олдини олиш ва бартараф этиш чоралари самарали ташкил этилганлиги ўрганилди.
Шунингдек, ҳудудда жойлашган “In-bazar” савдо комплексида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди, қўриқлаш хизматларининг фаолиятини самарали ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш борасида Тошкент иссиқлик маркази МЧЖ корхонаси фаолияти билан танишилиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати, аҳолига хизмат кўрсатиш аҳволи ўрганилди ҳамда масъулларга бу борада тегишли кўрсатмалар берилди.
Мазкур тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.









