Наманган вилоятида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили: комплекс инспекторлик текшируви натижалари асосида белгиланган вазифалар ва чора-тадбирлар
2025-10-03 16:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Наманган вилоятнинг барча шаҳар-туманларида бўлиб криминоген вазияти оғир бўлган қизил тоифадаги маҳаллаларида масъуллар томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижадорлиги ўрганилди.
Хусусан, Ички ишлар вазири томонидан Поп туманининг “Қўшминор“ маҳалласи ҳудудида жойлашган “Наманган“ мунтазам йўл-патрул хизмати маскани фаолияти билан танишиб, шу ернинг ўзида Наманган вилояти ИИБ ва ЙҲХБ бошлиқларининг Қамчиқ довонида йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда юк транспорт воситаларини нотўғри эксплуатацияси оқибатида содир этилаётган оғир оқибатли йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш долзарблигини инобатга олган ҳолда ҳудудда юк транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди ва ушбу йўналишда масъулларнинг таклифлари тингланди.
Шунингдек, Қамчиқ довонида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчиларни ҳушёрлигини ошириш, йўл транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва савдо нуқталарида тартиб ўрнатиш мақсадида ташкил этилган “Ҳушёрлик маскани“ фаолияти билан танишилди. Туман масъуллари ва “Қўшминор“ маҳалласи еттилиги билан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича суҳбатлашилиб, тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари чегара ҳудудида жойлашган “Поп божхона чегара пости” фаолияти билан танишиб, чегара ҳудудларида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларга йўл қўймаслик, ҳушёрликни ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларининг ҳамкорликдаги ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Ўрганишлар давомида Поп, Чуст, Косонсой тумани ички ишлар бўлимлари ҳамда вилоят ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармасига қарашли махсус қабулхона фаолияти ўрганилди.
Янгиқўрғон туманидаги ўрганишлар давомида туманнинг “Исковот“ маҳалласида жойлашган 63-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган қизлар волейбол тўгараги фаолияти ҳамда уларга яратилаётган шароитлар билан танишилди.
Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманларининг Қирғиз Республикаси билан чегарадош ҳудудларидаги хавфсизлик масалалари ўрганилиб, ҳарбий хизматчилар ва ҳудуд ички ишлар ходимлари билан суҳбатлашилди. Ўрганишлар давомида чегара ҳудудида криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш, ноқонуний товар айланмасига чек қўйиш ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги кўриб чиқилди.
Шунингдек, мазкур жараён доирасида Уйчи туманининг “Қумтепа” ҳамда Норин туманининг “Янги Наманган” (Шўрариқ) маҳаллаларида бўлиб, маҳалла еттилиги фаолияти чуқур ўрганилди. Ҳудуддаги жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслар ижроси батафсил таҳлил қилинди.
Бундан ташқари, Уйчи тумани ИИБ бўлими фаолияти ҳам ҳар томонлама кўриб чиқилиб, масъул раҳбар ва ходимларга жиноятчиликни барвақт олдини олиш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда хавфсиз ижтимоий муҳитни шакллантириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шу орқали ички ишлар органлари ходимларидан аҳолига манзилли ёндашув асосида хизмат кўрсатиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда масъулиятни ошириш талаб этилди.
Республика ишчи гуруҳининг Наманган вилоятидаги комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган танқидий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиби иштирок этишди.
Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар, жумладан Наманган тумани Ички ишлар бўлими профилактика инспектори, Косонсой тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари, Поп тумани Ички ишлар бўлими катта эксперти ҳамда Янгиқўрғон тумани Ички ишлар бўлими пробация гуруҳи катта инспектори Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, ЖХХ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари, Тезкор-қидирув хизматининг икки нафар бўлим бошлиқлари ҳамда учта туман ички ишлар бўлимларининг раҳбарларига нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Инспекторлик текшируви натижаларига кўра, вилоят ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларига хизматда фойдаланиш учун автотранспорт, махсус техник воситалар, компьютер жамланмалари ва хизматга оид кийими ва бошқа бошлар ажратилиши таъкидланди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.









