Давлат раҳбарининг ташаббуси ва спорт тараққиёти уйғунлиги: Наманган вилояти Учқўрғон туманида волейбол мактаб-интернати фойдаланишга топширилди
2025-10-02 21:30:00 / Янгиликлар

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида волейбол спорт турларига ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Мазкур таълим муассасаси очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Наманган вилояти ҳокими, вилоят спорт федерациялари вакиллари, жамоат ташкилотлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ушбу таълим муассасасининг ташкил этилиши Давлатимиз раҳбарининг волейбол спорт турларини янада оммалаштириш, ёшлар орасидан волейбол спорт турлари билан шуғулланувчи спортчиларни саралаб олиш тизимини яхшилаш, ушбу спорт тури бўйича замонавий спорт инфратузилмасини яратиш ҳамда миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш бўйича бўйича 2024 йилдаги 274-сон қарорларининг амалий ижросидир.
Мазкур интернатда ёш спортчилар волейбол ва соҳил волейболи билан бир қаторда бокс, эркин кураш, миллий кураш, енгил атлетика, футбол ва чим устидаги хоккей каби спорт турлари бўйича ҳам билим ва машғулот оладилар. Замонавий спорт иншоотлари, ётоқхоналар, овқатланиш ва тиббий хизмат кўрсатиш нуқталари, машғулот заллари ҳамда бошқа инфратузилма объектлари талаб даражасида жиҳозланган.
Тадбир давомида масъуллар, сўнгги йилларда волейбол спорт турини ривожлантириш, миллий терма жамоаларнинг халқаро мусобақалардаги иштироки ҳамда мамлакатимизда жаҳон ва минтақавий чемпионатларни қабул қилишда эришилаётган натижалар ҳақида маълумот бердилар.
Таъкидланишича, волейбол спорт турини ривожлантиришда ҳудудий мактабларнинг ўрни катта. Наманган вилояти бу борада етакчи ҳудудлардан бири бўлиб, ҳозирги кунда вилоятдан 29 нафар спортчи турли ёш тоифаларидаги миллий терма жамоалар сафига қабул қилинган. Шунингдек, аёллар волейболи бўйича ҳам вилоят республикада етакчи ўринни эгаллаб турибди.
Мактаб-интернат фаолияти орқали келгусида миллий терма жамоалар учун юқори салоҳиятли спортчилар захирасини шакллантириш, уларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш, шунингдек, Россия, Беларусь, Италия, Польша, Япония ва Туркия каби мамлакатларнинг етакчи волейбол клублари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тадбир якунида ёш спортчиларга давлат раҳбарияти томонидан спорт соҳасига кўрсатилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар самарасини ўз билим ва меҳнати билан оқлаш, халқаро мусобақаларда Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиш – улар олдида турган устувор вазифа эканлиги таъкидланди.









