Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида ички ишлар тизими ходимларига муносиб туҳфа — Наманганда ички ишлар органларига замонавий маъмурий ва ўқув биноси ҳамда хизмат машиналари топширилди
2025-10-01 18:40:00 / Янгиликлар

Юртимизда байрам кунларида янги иншоотларни фойдаланишга топшириш эзгу анъанага айланган. Шу маънода, “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Наманган вилоятидаги Ички ишлар бошқармаси Патруль-пост хизмати батальони учун янги маъмурий ва ўқув бинолари фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, вилоят раҳбарияти, соҳа фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Таъкидланганидек, ички ишлар органлари тизимида ҳам ёш кадрларни тайёрлашда устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Уларнинг амалий кўмаги ва ҳаётий маслаҳатлари соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида қайд этилди.
Фойдаланишга топширилган замонавий маъмурий бино барча талабларга жавоб беради. Бу ерда Патруль-пост хизмати батальони, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари учун хизмат ва ўқув хоналари, 102 ўринли дам олиш хоналари ташкил этилган. Иншоот замонавий рақамли технологиялар, техник воситалар ҳамда шинам мебеллар билан жиҳозланган бўлиб, ходимларга муносиб хизмат шароитини яратиб беради.
Байрамда устоз ва мураббийларни йўқлаш яхши анъанага айланган. Шу мақсадда тадбир иштирокчилари вилоятда узоқ йиллар самарали хизмат олиб борган соҳа фахрийларининг хонадонларига ташриф буюришди, уларнинг ҳолидан хабар олиб, самимий мулоқот қилишди.
Фахрий, истеъфодаги подполковник Махмуджон Джураев шу йилнинг август ойида муборак 95 ёшни қаршилади. Иккинчи жаҳон уруши фронт орти қатнашчи ҳисобланган устоз, 35 йиллик машаққатли ва шарафли хизматдан сўнг, қарийб 40 йилдан буён ёш ходимларга мураббийлик қилиб кенг кўламли хизмат тажрибаси билан ўртоқлашиб келмоқда.
Жорий йилда улуғ 90 ёшни қаршилаган истеъфодаги подполковник Иркин Муродов эса узоқ йиллар давомида Андижон ҳамда Наманган вилоятларида ходимларга маънавий ва маърифий ишлар бўйича тарбия бериб келганига қарамасдан, фахрийлик гаштини суриш даврида 35 йилдан буён ёш ходимларга ҳаёт сабоқлари билан ўртоқлашишдан чарчамаяпти.
Ушбу фидойи фахрийларга байрам муносабати билан эсдалик совғалари топширилди, устозларнинг бугунги тизим учун мустаҳкам таянч эканлиги яна бир бор эътироф этилди.
Бундай тадбирлар ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида фаол давом этмоқда.









