Фарғона вилоятида комплекс инспекторлик текширувининг якунлари сарҳисоб қилинди
2025-09-13 18:00:00 / Янгиликлар

Белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ички ишлар бўлимларининг фаолияти билан танишилди.
Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, шахсий таркиб ўртасида касбий билим, жисмоний ва жанговар шайлик ҳамда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш, суриштирув ва тергов жараёнларини қонуний ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш масалаларига қаратилди.
Жумладан, вилоят ҳудудидаги 1015 та маҳаллалардан 83 таси ёки 8,2 фоизи «қизил» тоифадаги маҳаллаларни ташкил этаётгани, бу кўрсаткич Қува ва Данғара туманлари ҳамда Марғилон шаҳрида юқорилигича қолаётгани, шунингдек Ёзёвон, Қува ва Тошлоқ туманларида олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг сони кўпайганлиги танқид остига олинди.
Бу борада чегара ҳудудларидаги вазият ҳам таҳлил қилинди. Ишчи гуруҳ томонидан Фарғона вилоятнинг қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларидаги маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш масалалари ўрганилди, муаммоли ҳудудларга қўшимча куч-воситаларни жалб этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ўрганишлар ёшлар масалаларига ҳам боғлиқ бўлди. Хусусан, Фурқат туманидаги хусусий мактабларнинг фаолияти билан танишилганда, педагоглар ва ўқувчи-ёшлар билан мулоқот ўтказилди. Жараёнда болалар хавфсизлигини таъминлашга етарлича эътибор бериш, санитар ҳолат ҳамда ёнғин хавфсизлиги талаблари қайта кўриб чиқилиши юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Шунингдек, криминоген вазияти оғир ҳисобланган Қўқон шаҳридаги «Нурафшон» ва Фарғона шаҳридаги «Маърифат» маҳаллалари мисолида, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди. Маҳалла еттилиги аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва кўчалар, йўл инфратузилмасининг ҳолати кўздан кечирилди. Маҳаллани рақамлаштириш жараёнлари таҳлил қилинди. Аҳоли билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва мурожаатлари эшитилди.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Фарғона вилоятидаги комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган танқидий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирок этишди.
Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган раҳбар ходимлар, жумладан, Сўх тумани ИИБ бошлиғи, Бешариқ тумани ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи катта инспектори, Қўқон шаҳар ички ишлар бошқармаси катта тезкор вакили, Бағдод тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори, Фарғона шаҳар ички ишлар бошқармаси катта тезкор вакили, Ташкилий бошқарма котибият бошлиғи, Қува тумани ички ишлар бўлими мурожаатлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.
Шу билан бирга, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир гуруҳ раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Инспекторлик текшируви натижаларига кўра, вилоят ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларининг моддий техник таъминоти кучайтирилиши таъкидланди.
Йиғилиш давомида масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.









