Муаммолар ечими — мулоқотда: Ички ишлар вазири томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш бўйича ўтказилган шахсий қабулнинг сарҳисоби
2025-08-25 08:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24 август куни Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан фуқароларнинг навбатдаги қабули ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Давлат раҳбарининг фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш фаолиятини самарадорлигини оширишга қаратилган топшириқларини ижросини амалда таъминлашга қаратилган мазкур тадбирларнинг асосий мақсади – жамиятда адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаб, ҳал этиш орқали давлат ва халқ ўртасида ишончни мустаҳкамлашдан иборатдир..
Қабул жараёнида фуқаролардан жами 329 та мурожаат қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми давлат органларининг аҳоли билан бўлган муносабатларидаги камчиликлар, ҳуқуқий тушунтиришлар ёки муайян хизматларга бўлган эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жиноят ишларини тергов қилиш ва суриштирув жараёнларидаги масалалар, ички ишлар органларида хизматни ўтишга оид, шунингдек маҳаллий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш каби масалаларни қамраб олди.
Қабул қилинган мурожаатлардан 139 таси (42 фоизи) тегишли ҳуқуқий асослар билан ижобий ҳал этилди. Қолган 190 та мурожаат (58 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилиши туфайли ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича соҳа масъулларига алоҳида вазифалар юклатилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари раҳбарлари томонидан фуқаролар билан ўтказилган шахсий қабуллар давомида жами 349 та мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, улардан жами 124 таси (35 фоизи) тадбир жараёнида ижобий ҳал этилди.
Фуқаролардан келиб тушган жами 225 та мурожаатлар (65 фоизи) бўйича муаммолар қўшимча ўрганишни талаб қилганликлари боис ижроси назоратга олиниб, уларга аниқ ечимлар топилиши мақсадида соҳа мутасаддиларига тегишли вазифалар юклатилди.
Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар, мамлакатимизда адолатли давлат бошқаруви ва аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва давлат хизматларини енгиллаштиришга қаратилган муҳим ёндашувлар сифатида қабул қилинмоқда.









