Жиззах вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текширувининг якунлари сарҳисоб қилинди
2025-07-27 08:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилоятининг Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой, Пахтакор ва Зомин туманлари, шунингдек Жиззах шаҳрида соҳа вакилларининг қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти ўрганилди.
Маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, хусусан, “қизил” тоифадаги ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда ижтимоий профилактик тадбирларини амалга ошириш, ҳудудларни рақамлаштириш, кузатув камералар таъминоти, “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирларининг самарадорлиги ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Мирзачўл туманинг “Мустақиллик” маҳалласида ташкил қилинган “Ҳаёт мактаби” фаолияти вилоят миқёсида эътироф этилди. Маълумот ўрнида, ўтган йилнинг сентябр ойидан ушбу 600 ўринли муассасада ўрта умумтаълим мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчиларига қишлоқ хўжалиги, пайвандчилик, тикувчилик, қандолатчилик каби 7 та йўналишда сабоқ берилмоқда.
Шу билан бирга, Дўстлик тумани ИИБ қошида тузилган “Волейбол клуби” ҳамда ёшлар учун мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун яратилган имкониятлар ўрганилиб, юқори баҳо берилди.
Ўрганиш жараёнида, Айдар – Арнасой кўлига сайёҳларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишилди. Бинобарин, ҳудудда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яратилган шароитлар, хавфсиз ва равон йўллар, электр таъминоти, шунингдек бошқа инфратузилма объектлари кўздан кечирилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Арнасой ҳамда Пахтакор туманлари Ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби билан ҳам мулоқот ўтказилиб, ҳудудларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, жиноятларни фош қилиш, ички ишлар органларининг нуфузини оширишга қаратилган масалалар ҳамда тарғибот тадбирларига баҳо берилди.
Жиззах шаҳар ИИБ фаолиятини ўрганиш жараёнида “қизил” тоифада қолаётган маҳаллалардаги криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятларнинг олдини олиш ҳамда маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган ишлар бўйича топшириқ ва тавсиялар билдирилди. Шунингдек, Жиззах шаҳрида ташкил этилган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлар ойлиги доирасида тузилган девон фаолияти ўрганилиб, масалага оид тадбирларни ташкил этиш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштиришда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Ўрганишлар жараёнида вилоят ИИБ “112” хизмати фаолияти билан танишилди. Жараёнда мазкур тизим имкониятлари, замонавий шароитда кузатув камералари орқали тезкор вазиятни назорат қилиш, қидирувдаги шахслар ва автоуловларни аниқлаш каби қатор вазифаларни бажарувчи “Қалқон” платформасининг интеграцияси ҳақидаги тақдимот билан танишилди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан, Зомин туманининг чегара ҳудудларидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган ишлар билан танишилди.
Хусусан, жиноятларни фош қилишда илғор технологияларни қўллаш, кузатув камералари сонини ошириш ва ситуацион марказларга интеграция қилиш, соҳа вакилларининг аҳолини рози қилиш ва ички ишлар органларининг нуфузини оширишга қаратилган фаолиятини кучайтириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар баён қилинди.
Шу билан бирга Вазирлик ишчи гуруҳи туристик рекреацион зонаси фаолиятини ўрганди. Ҳудудда вилоят ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси, фавқулодда вазиятлар тизими ҳамда ҳарбий қисм офицерлари иштирокида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинларнинг олдини олиш, аҳоли ва сайёҳлар мурожаатлари билан ишлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш мақсадида профилактик тадбирларни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўрганишлар чоғида, Давлат раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича топшириқларини амалиётга татбиқ этиш доирасида масъуллар томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ҳар куни ташкил этиш, аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасизлик ҳиссини кучайтириш чоралари кўрилаётгани ҳамда жиноятчиликни маҳалла еттилиги иштирокида “маҳаллабай” тамойили асосида жиловлаш механизми яратилгани бир қатор ҳудудларда ижобий натижа бераётганлиги алоҳида қайд этилди.
Ушбу ижобий жараёнлар вилоятнинг Жиззах шаҳар “Дўстлик” ва “Ёшлик” маҳаллалари, Шароф Рашидов туманида “Маданият” маҳалласи, Арнасой туманининг “Ғолиблар” маҳалласи, Бахмал туманининг “Боғишамол” ва “Нурафшон” маҳаллалари, Ғаллаорол туманидаги “Гулистон” маҳалласи, Дўстлик туманидаги “Бунёдкор” маҳалласи, Зарбдор туманидаги “Адир обод” маҳалласи ҳамда Зафаробод туманидаги “Писталкент” маҳаллаларида жиноятчилик сони кескин камайишига олиб келган.
Ўрганиш жараёнида, аниқланган барча камчиликлар соҳа масъуллари иштирокида танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.









