Ички ишлар вазирлигида аҳоли мурожаатлари ўрганилди
2025-06-30 09:00:00 / Янгиликлар

Қабул жараёнида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган фуқаролар ўзларини ўйлантираётган масалалар юзасидан мурожаат қилишди.
Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан жами 913 нафар фуқаролардан 553 та мурожаат қабул қилинди.
Мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларни тегишли мутасадди раҳбарлар иштирокида жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Айрим мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва улар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини чуқур таҳлил қилиш, уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини аниқлаш ва тизимли ҳал этишга алоҳида урғу берилди. Шунингдек, мурожаатларда кўтарилган масалалар ижроси қатъий назоратга олингани, фуқаролар манфаатлари доирасида ечим топилиши таъминланиши қайд этилди.
Мурожаатлар асосан жиноят ишларини тергов қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суриштирув жараёнларида юзага келган муаммолар, ички ишлар органларидаги хизмат ўтиш масалалари, ишга жойлашиш, маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатига оид, маҳаллий даражадаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва бошқа йўналишларга доир бўлди.
Қабул қилинган мурожаатлардан 265 таси (48 фоизи) тегишли ҳуқуқий асослар билан ижобий ҳал этилди. Қолган 288 та мурожаат (52 фоизи) бўйича комплекс ўрганиш талаб этилиши туфайли ижросини назоратга олиш ва ечимини таъминлаш бўйича махсус вазифалар юклатилди.
Шахсий қабул жараёнида масъул раҳбарларга мурожаатлар юзасидан тезкор ва самарали чоралар кўриш, ҳар бир фуқаронинг муаммосига қонунчилик ва адолат асосида ёндашиш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан ташкил этилаётган бундай қабуллар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида фаолият юритишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.









