Ички ишлар органлари ходимларининг оилаларига янги замонавий хонадонларнинг калитларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди
2025-06-25 08:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари тизимида ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб иш ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 8 февралдаги қарорига асосан ички ишлар органлари ходимларини имтиёзли уй-жойлар билан таъминлаш борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Бу ўз навбатида Янги Ўзбекистон шароитида барча ислоҳотлар инсон қадри учун деган тамойил асосида амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Сўнгги йилларда аҳоли осойишталигини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни самарали бажаришлари учун ички ишлар органларининг моддий-техник базаси тубдан янгиланди, ходимларнинг хизмат шароитлари замон талабига мос равишда шакллантирилди.
Мисол учун, ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида 3 549 нафар уй-жойга муҳтож ходимларга имтиёзли равишда арзонлаштирилган нархларда хонадонлар берилди, 2 759 нафар ходимларга ипотека кредити бўйича уй-жой сотиб олишлари учун дастлабки 25 % тўловлар ажратилди, 1 449 нафар ходимларга уй-жой шароитини яхшилаш учун фоизсиз қарз (ссуда) пуллари тўлаб берилди, шунингдек 301 нафар ходимларга хизмат уйлар хусусийлаштириб берилди.
Бу ҳам, Янги Ўзбекистон шароитида барча ислоҳотлар инсон қадри учун деган тамойил асосида амалга оширилаётганлигидан далолат беради.
Навбатдаги, Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги мавзесида қад ростлаган замонавий турар жой комплексида ички ишлар органлари ходимлари учун қуриб битказилган турар жой биноларининг хонадон калитларини эгаларига топшириш учун ташкил этилган тантанали тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти иштирок этди.
Тадбирда Президентимизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясига улкан эътибор қаратаётганликлари алоҳида таъкидланиб, мазкур турар жой комплексларини лойиҳалаштиришдан тортиб, қуриб битказилишигача яқиндан ёрдам берган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ва ишчиларига миннатдорчилик билдирилди.
Иккита ўн уч қаватли биноларнинг бирида ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаментининг 84 нафар, яна бирида эса пойтахт Ички ишлар бош бошқармасининг 53 нафар ходимларига хонадонлар ажратилган бўлиб, ҳудудда барча зарурий инфратузилма яратилган.
Тадбир жараёнида сўзга чиққанлар, янги топширилаётган шинам уйларда яшашни орзу қилиб, ўзининг уйи бўлмасдан ижарада яшаб, айрим сабабларга кўра бир неча бор кўчиб, сарсон-саргардон бўлиб бошидан бир қанча қийинчиликларни ўтказган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун чинакам байрам эканлигини таъкидлаб, ушбу хонадонларда келажакда яна ватан посбонлари, она юртнинг тинчлиги йўлида хизмат қилувчи мард ўғлонлар, заковатли қизлар тарбия топиб, вояга етишларига умид билдирдилар.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти турар жой мажмуасида яратилган шароитларни ўрганиш асносида ходимларнинг оила аъзолари билан ҳам яқиндан танишиб, самимий суҳбат қуришди. 103-уйда яшовчи ЙПХ инспектори, катта сержант Улуғбек Рахимов узоқ йиллардан буён ўз хонадони бўлишини орзу қиларди. Мана бугун у оиласи билан бирга янги хонадонга кўчиб келди. Унга қўшни хонадонда истиқомат қилишни бошлаган нафақадаги ички ишлар ходими Илхом Бабаев ҳам яқин атрофида ҳамкасблари жам бўлганидан хурсанд.
Янги хонадон соҳиблари ҳамда уларнинг фарзандларига совғалар, спорт анжомлари ва китоблар тўплами топширилди.
Турар жой мажмуалари пойтахтимизнинг Бошлиқ-4 кўчаси ҳамда Кичик халқа йўли кўчаларида мактаб, боғча, савдо ва кўнгилочар масканларига яқин масофада жойлашганлиги ходимларнинг оиласидан кўнгли тўқ, хотиржам хизмат фаолиятини давом эттиришлари учун имкон беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида яратилаётган мана шундай имкониятлар – ҳар бир ходимдан ўз устида тинимсиз ишлашни, изланишни, ташаббускор бўлишни талаб этади.









