Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида олиб борилган комплекс инспекторлик текшируви якунига бағишланган таҳлилий йиғилиш ўтказилди
2025-06-15 08:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, Ички ишлар вазири томонидан Сариосиё, Узун, Бойсун туман ички ишлар бўлимлари ҳамда Денов тумани ички ишлар бошқармаси фаолияти самарадорлигини таҳлил қилинди. Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, шахсий таркиб ўртасида жанговар шайликни ҳамда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш, суриштирув-тергов жараёнларини қонуний ташкил этиш ҳамда фуқаролар ва ходимлар учун яратилган шароитлар яхшилаш масалаларига қаратилди.
Шунингдек, “қизил” тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш борасида маҳалла еттилиги ва туман масъулларининг амалга ошираётган ишлари юзасидан тақдимотлари тингланди.
Ўрганишлар давомида Денов туман ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва Қўриқлаш бўлими фаолияти билан танишилиб, янги Қўриқлаш биносининг қурилиш жараёнлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга “Бобур” маҳалласи ҳудудидаги “Ёшлар сайлгоҳи”да яратилган шарт-шароитлар ва хавфсизлик масалалари билан яқиндан танишилди.
Сурхондарё вилояти географик жойлашуви жиҳатидан қўшни Тожикистон, Туркманистон ҳамда Афғонистон ислом давлатлари билан чегарадошлиги инобатга олиниб, масъуллар Сариосиё туманидаги “Сариосиё” чегара божхона пости, Термиз туманидаги “Айритом” чегара божхона пости фаолияти яқиндан ўрганилди. Чегара ҳудудларда фаолият олиб борувчи ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ҳарбий хизматчилар ҳушёр ва сергак ҳолда хизмат ўташлари зарурлиги уқтирилди. Айритом маҳалласи ҳудудида жойлашган “Термиз Халқаро савдо маркази” фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.
Бугунги кунда аҳоли саломатлиги ва осойишталигини сақлаш муҳим масала ҳисобланади. Шу боис Бойсун тумани “Кофрун” маҳалласида фаолият олиб бораётган “Мустақилликнинг 25 йиллиги“ (Enter Engineering) газни қайта ишлаш заводи билан боғлиқ вазиятлар кўздан кечирилди.
Ўрганишлар жараёнида, вилоят ички ишлар бошқармасида яратилган шароитлар кўздан кечирилиб, моддий-техника базани яхшилаш, қурилиш-монтаж ҳамда кибержиноятларни жиловлаш борасидаги тақдимотлар тингланди.
Республика ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирок этди. Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил этилди.
Инспекторлик текширувларидан кўзланган асосий мақсад ходимларни жазолаш эмас, аксинча ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш эканлиги ишчи гуруҳ раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди. Жумладан, вилоят ҳудудида 82 килограмм миқдордаги гиёҳванд воситалари савдосининг олдини олганлиги учун вилоят ИИБ ходими майор Бехзод Қурбонов муддатидан олдин рағбатлантириш тариқасида “подполковник” махсус унвони билан, Қумқўрғон тумани ИИБ ходими капитан Элбек Ортиқов гумонланувчи томонидан пора сифатида таклиф қилинган беш минг АҚШ долларини олмасдан, тегишли тартибда раҳбариятга маълум қилганлиги сабабли “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, Денов тумани Ички ишлар бошқармаси ходими катта сержант Баҳодир Қодиров “Аъло хизматлари учун”, вилоят ИИБ Кибер хавфсизлик бошқармаси бошлиғи подполковник Мансур Хўжаев II-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари билан, капитан Дилшод Нарзуллоев Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирланди.
Фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир гуруҳ раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Инспекторлик текшируви натижаларига кўра, вилоят ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларига хизматда фойдаланиш учун турли русумдаги 23 дона автотранспорт воситалари тақдим этилиб, қўшимча тарзда махсус воситалар, компьютер жамланмалари, формали кийим бошлар берилиши таъкидланди.
Йиғилиш якунида, масъулларга жиноятчиликни жиловлаш мавжуд “қизил” тоифадаги ва “қизил” тоифага ўтиш эҳтимоли юқори бўлган маҳаллаларда “Долзарб-30 кун” тезкор-профилактик тадбирлари эълон қилиниб, Сурхондарё тажрибасини яратиш вазифаси қўйилди.
ИИВ Ахборот хизмати









