Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ички ишлар органлари соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-05-24 18:20:00 / Янгиликлар

Тадбирдан олдин, ички ишлар вазирлари Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев томонидан қабул қилинди.
Учрашув жараёнида давлат раҳбари вазирларни самимий қутлаб, уларнинг ташрифи икки ва кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, хавфсизлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этди.
Шундан сўнг, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ички ишлар вазирларининг навбатдаги иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
Кун тартибига мувофиқ, томонлар трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашда ахборот алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётган жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва тергов қилиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш зарурияти қайд этилди.
Бундан ташқари, Ташкилотга аъзо мамлакатлар ички ишлар органлари ўртасида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Томонлар ўртасида рақамли ечимлар ва инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш тажрибасини ўртоқлашиш, маълумот алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбир якунида иштирокчи давлатлар Ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали алоқаларни мустаҳкамлашга доир Қўшма баёнот имзоладилар.
Шунингдек, нуфузли тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон ички ишлар вазирлари билан алоҳида учрашиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар чоғида томонлар жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидларини бартараф этиш, одам савдосига қарши чора-тадбирлар кўриш, наркотик воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши қўшма ҳаракатлар ҳақида атрофлича фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, ахборот ва тажриба алмашинуви, қўшма ўқув машғулотлари ва малакали кадрлар тайёрлаш бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам музокаралар марказида бўлди. Томонлар келгусидаги алоқаларни институционал даражада ривожлантиришга, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.








