Наманган вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш йўналишида чора тадбирлар амалга оширилди
2025-05-19 09:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, Давлатимиз раҳбари томонидан, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларига алоҳида эътибор қаратилиб, вилоятларда, айниқса Наманганда ўқувчиларга автомобилни ижарага бериш авж олгани оқибатида, ёшлар тан жароҳати олиб, мажруҳ бўлиб қолаётганлиги, ўлим билан тугаётган ҳолатлар ҳам кўплиги, мазкур масалага масъул бўлган раҳбарлар томонидан қонун устуворлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги бўйича эътироз билдирилди.
Мазкур устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Наманган вилоятида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар, хусусан вояга етмаганлар иштирокида содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш ва унга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, вилоят ҳудуди бўйлаб йўл-ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида махсус авторейд ўтказилиб, тадбирларда 3208 та қоидабузарликлар аниқланди, шундан, 127 тасини вояга етмаганлар томонидан транспорт воситасини бошқариш ҳолатлари ташкил этди.
Шу билан бирга, велосипедчи ва мопед ҳайдовчилари томонидан содир этилган 49 та қоидабузарликлар аниқланди.
Telegram ижтимоий тармоғи орқали амалдаги қонунчиликка зид равишда ижарага бериладиган (Rentcar) 72 та транспорт воситалари аниқланиб, жарима майдонига жойлаштирилди.
Барча аниқланган қоидабузарликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, вояга етмаган шахслар ва уларнинг ота-оналари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, Наманган вилоятидаги ўрганишлар жараёнида барча мактаб ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўтказиладиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ҳамда 25 май куни Наманган шаҳрида бошланадиган «64-Халқаро гуллар фестивали»га тайёргарлик ҳамда кўрилаётган хавфсизлик чора-тадбирлари билан яқиндан танишилди.
Наманган вилояти ҳудудидаги ўрганишлар натижаси юзасидан республика ишчи гуруҳи масъуллари, вилоят ИИБ ва барча шаҳар-туман ИИБ раҳбарлари иштирокида танқидий йиғилиш ўтказилди.
Наманган вилояти ҳудудида жорий йилнинг 4 ой давомида умумий жиноятлар салмоғи сезиларли даражада ошганлиги, жиноятларнинг фош этилишида сусткашликка йўл қўйилганлиги, шунингдек Наманган шаҳар, Янги Наманган, Чуст ҳамда Янгиқўрғон туманларида «қизил» тоифадаги маҳаллалар салмоғи юқорилигича қолаётганлиги кескин танқид остига олинди.
Хизмат вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйган раҳбарларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Эндиликда, ҳар бир раҳбар хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашган ҳолда ўзининг ташаббускорлиги билан ишларни ташкил этиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Шу жумладан, қўриқлаш хизмати фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида «Чуст тажрибаси»ни яратиш вазифаси топширилди.
Келгусида, вилоятда осойишталикни таъминлаш, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, йўлларда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш бўйича масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.









