Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида аҳоли учун оммавий сайёр қабул ташкил этилди
2025-05-14 20:35:00 / Янгиликлар

Сайёр қабулда аҳоли мурожаатларини ўрганиш, уларни самарали ҳал этиш, халқ билан очиқ мулоқот ўрнатиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида фуқаролардан ички ишлар органлари фаолиятига оид жами 155 та мурожаатлар қабул қилиниб, атрофлича ўрганилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг реал эҳтиёж ва талабларини инобатга олган ҳолда, узоқ йиллар давомида ечимини топмай келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишга алоҳида эътибор берилди.
Тақдим этилган мурожаатларнинг 62 таси (40 фоизи) тегишли тартибда ижобий ҳал этилган бўлиб, кўриб чиқилиши вақт талаб қилганлиги сабабли 93 та мурожаат (60 фоизи)ни ўрганиш масаласи қатъий назоратга олинди. Қабулда 13 нафар фуқаро томонидан миннатдорлик ифодаланган хатлар ҳам тақдим этилди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида 17 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси этиб тан олиниб, уларга фуқаролик ID-карталари тантанали равишда топширилди.
Бугунги даврда ички ишлар органлари томонидан жойларда аҳоли билан очиқ мулоқот ўрнатишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Барча даражадаги раҳбарлар томонидан сайёр қабуллар, юзма-юз учрашувлар ҳамда мурожаатлар билан ишлаш тизимли асосда ташкил этилмоқда.






