Қорақалпоғистон Республикасида комплекс инспекторлик текшируви ўтказилмоқда
2025-05-12 20:30:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар жараёнида республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикасининг 452 та маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ички ишлар органларининг шахсий таркиби томонидан ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этилиши аҳволи комплекс таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ички ишлар вазири бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи ва соҳа масъуллари иштирокида Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай ҳамда Хўжайли туманларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси ҳамда соҳага оид топшириқлари юзасидан амалга оширилган ишлар ўрганилди.
Жумладан, криминоген вазияти оғир ҳисобланган Мўйноқ туманидаги “Уч-сай” ва “Арал” маҳаллалари, Қўнғирот тумани “Қўнғирот”, “Тарақли” ва “Қорақалпоғистон” маҳаллалари, Қонликўл туманидаги “Бескўпир” ва “Наврўз” маҳаллалари, шунингдек Шуманай туманидаги “Маденият” ва “Қарабайли” маҳаллаларида мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда маҳалла еттилиги иштирокида суҳбатлар ташкил этилиб, Давлат раҳбарининг қарори талабларидан келиб чиқиб, унинг самарали ижросини таъминлаш бўйича бир қатор топшириқлар берилди. Шунингдек, республика ишчи гуруҳига “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор профилактик тадбирлар жараёнида амалга оширилган ишлар ва маҳалла еттилиги фаолияти бўйича режалаштирилган вазифаларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Тадбир жараёнида, ҳудудий ички ишлар органлари маъмурий биноларини аҳволи ва техник таъминоти, аҳоли билан яқиндан ишлаш учун яратилган шарт-шароитлар, жиноятчиликни олдини олиш борасидаги тадбирларнинг самарадорлиги, бошқа мутасадди идоралар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ва соҳага оид бошқа масалалар танқидий ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларига жиддий эътибор қаратилди.
Республика ишчи гуруҳининг ҳудудларда ўрганишлари давом этмоқда.






