Жорий йилнинг 31 январь куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида Сурхондарё вилоятида жамоат хавфсизлигини ҳамда криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш масалаларига оид тезкор йиғилиш ўтказилди
2024-01-31 15:00:00 / Мажлислар

Йиғилишда, Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларда жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш ташкил этиш борасидаги топшириқлари, ички ишлар органлари фаолиятининг йиллик сарҳисоби ҳамда келгусида тизим фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир жараёнида Сурхондарё вилоятида оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу борада маҳаллаларда шакллантирилган еттиликнинг ҳамкорлик масалалари танқид қилинди, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Шунингдек, йиғилишда Сурхондарё вилоятида ўтган йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига полковник Исмаилов Тимур Камолитдинович тайинланди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, янги тайинланган вилоят ИИБ раҳбарига тегишли топшириқлар берилди.
ИИВ Ахборот хизмати






