Ички ишлар вазири бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий вилоятида комплекс инспекторлик текшируви давом этмоқда
2025-04-30 18:00:00 / Янгиликлар

Республика ишчи гуруҳи томонидан Навоий шаҳри ИИБ фаолиятини ўрганиш жараёнида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, шахсий таркиб ўртасида жанговар шайликни ҳамда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлигини ошириш, суриштирув-тергов жараёнларининг қонуний ташкил этиш ҳамда хизматга оид бошқа масалалари билан танишилди.
Жумладан, айни кунда Навоий шаҳрида мавжуд 36 та маҳаллалардан “қизил” тоифада қолаётган “Баҳор”, “Меъмор” ва “Орзу” маҳаллаларида, шунингдек криминоген вазияти мураккаб бўлган “Янгиариқ”, “Тараққиёт”, “Маърифат”, “Кимёгар” ҳамда “Бунёдкор” маҳаллаларида содир этилаётган жиноятлар салмоғини кескин камайтириш, патруль гуруҳларининг бириктирилган йўналишларини қайта кўриб чиқиш, аҳолидан келиб тушаётган ариза ва шикоятларни ҳал қилиш, жиноятларни иссиқ изидан фош этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни жадаллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Масъуллар томонидан ходимлар билан суҳбат олиб борилиб, уларнинг хизмат жараёнида вужудга келган муаммолари, оилавий шароити ҳамда ижтимоий аҳволи ўрганилди.
Тадбир давомида вилоят ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, Патрул-пост хизмати батальони ҳамда Миллий гвардия ҳузуридаги Кармана дала ўқув маркази фаолияти ўрганилиб, шахсий таркибининг жанговар шайлиги, моддий-техник базаси ҳамда ходимларнинг хизмати учун яратилган шароитлар билан танишилди.






