Навоий вилоятида комплекс инспекторлик текшируви ўтказилмоқда
2025-04-29 22:30:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар жараёнида республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг ҳисобот даврида Навоий вилоятининг 330 та маҳаллаларида криминоген вазият, шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этилиши аҳволи комплекс таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Вилоятда бўлиб турган Ички ишлар вазири томонидан республика ишчи гуруҳи ва соҳа масъуллари иштирокида вилоятнинг Зарафшон шаҳри, Томди, Конимех, Кармана ва Нурота туманларида Давлат раҳбарининг жорий йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қарорининг ижроси ҳамда соҳага оид топшириқлари юзасидан амалга оширилган ишлар, ҳудудий ички ишлар маъмурий биноларини аҳволи ва техник таъминоти, аҳоли билан яқиндан ишлаш учун яратилган шарт-шароитлар, жиноятчиликни олдини олиш борасидаги тадбирларнинг самарадорлиги, бошқа мутасадди идоралар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги ва соҳага оид бошқа масалалар танқидий ўрганилиб, аниқланган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларига жиддий эътибор қаратилди.
Зарафшон шаҳрида жойлашган 12-сонли Жазони ижро этиш муассасасида бўлган масъуллар, муассасада сақланаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар ҳамда колонияда ташкил этилган қурилиш ҳамда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехлари ва уларнинг иш самарадорлиги ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгиланди.
Республика ишчи гуруҳининг Навоий вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда.









