Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов томонидан соҳа мутасаддилари иштирокида фуқаролар учун навбатдаги шахсий қабул ташкил этилди
2025-04-28 08:00:00 / Янгиликлар

Қабул жараёнида аҳоли томонидан ички ишлар органлари фаолиятига доир мурожаатлар, шунингдек, хизматга (ёки ўқишга) қабул қилиш, лавозимга қайта тикланиш ва бошқа қонуний масалалар юзасидан билдирилган таклиф ва шикоятлар атрофлича кўриб чиқилди.
Тадбир доирасида жами 698 та фуқародан 475 та мурожаат қабул қилинди. Улардан 441 таси ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлиб, жумладан, 246 та – хизматга қайта тикланиш масаласи, 108 та – суриштирув ва тергов жараёнларида юзага келган муаммолар, 40 та – терговга қадар текширув ҳамда ходимлар фаолияти юзасидан, 16 та – ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига оид, 26 та – ишга ёки ўқишга қабул қилиш, 5 та – амнистия (афв) этиш ва маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолатига оид ҳамда бошқа масалаларни қамраб олди.
Бундан ташқари, 21 та мурожаат орқали маҳаллий даражадаги иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этишга доир таклифлар билдирилди. Қабул пайтида 8 нафар фуқаро томонидан миннатдорлик ифодаланган ёзма мурожаатлар ҳам тақдим этилди.
Тақдим этилган мурожаатларнинг 121 таси (25 фоизи) тегишли тартибда ижобий ҳал этилган бўлиб, кўриб чиқилиши вақт талаб қилганлиги сабабли 354 та мурожаат (75 фоизи)ни ўрганиш масаласи қатъий назоратга олинди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида аҳолининг реал эҳтиёж ва талабларига таянган ҳолда, узоқ вақтдан буён ҳал этилмаган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалда тиклашга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ҳозирги кунда ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарлари томонидан жойларда фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар, жумладан сайёр қабуллар барча ҳудудий ички ишлар органларида ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда.









