Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг Наврўз – умумхалқ байрами муносабати билан табриги
2025-03-21 10:50:00 / Янгиликлар

Барча ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, соҳа фахрийлари ҳамда юртимиз осойишталиги йўлида, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини 21 март – Наврўз умумхалқ байрами билан самимий табриклайман.
Қадим манбалардан маълумки, Наврўзи олам халқимизнинг азалий ва гўзал қадриятларидан бири бўлиб, уч минг йиллик тарихга эга. Наврўз – инсон ва табиатни асраб-авайлашга, тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби умумбашарий қадриятларни эъзозлашга чорлайдиган янгиланиш ва яшариш байрами эканлиги билан кўнгилларга илиқлик олиб киради.
Ана шундай эзгу фазилатларга эга Наврўз нафақат мамлакатимиз, балки Шарқ оламида замонлар оша яшаб келмоқда. Шу боисдан ҳам Наврўз юртимизда истиқомат қилаётган 130 дан зиёд миллат ва элат вакилларини бир жону бир тан қилиб бирлаштирадиган қутлуғ айёмга айланди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради. Шу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаймиз. Бугунги мураккаб дунёда халқимиз ҳаётини, фарзандларимиз келажагини, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш учун ҳар биримиз масъул ва жавобгар эканимизни янада чуқурроқ ҳис этамиз».
Жорий йилда ҳам Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган барча тадбирлар азалий анъаналаримизга мос ҳолда «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Ушбу қутлуғ айём сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган «Инсон қадри учун, инсон бахти учун», деган олижаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланди.
Қадрли ҳамкасблар ҳамда азиз фахрийлар!
Байрам арафасида ҳар бирингизга юрт тинчлиги, осойишталиги ва равнақи йўлида олиб бораётган юксак хизматингиз учун миннатдорлик билдириб, келгусидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Наврўз ҳар бир оила, ҳар бир хонадонга қувонч, файзу-барака олиб келсин!
А.А. Ташпулатов
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,
генерал-майор.
2025 йил 21 март