Сурхондарё вилоятида “Хавфсиз маҳалла” концепциясини амалга оширишга бағишланган йиғилиш ўтказилди
2025-02-07 19:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов, барча туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари мутасаддилари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбий ташкилотларнинг раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар шунингдек, маҳаллаларнинг еттилик гуруҳлари иштирок этдилар.
Таъкидланишича, республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бугунги кунда долзарб масала бўлиб қолмоқда. Давлат раҳбарининг қарорида айнан жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг ижросини таъминлаш қатъий назорати белгиланган.
Жумладан, қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирда, республика даражасида идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва унинг Сурхондарё вилояти бўйича таркиби ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳар бир туман ва шаҳар кесимида бажариладиган ишларнинг ҳажми аниқланган. Вилоят бўйича мавжуд 724 та маҳаллага оид “Йўл хариталари” тасдиқланган ҳамда вилоят ҳудудидаги 95 та “қизил” тоифада қолаётган барча маҳаллаларга масъул сектор раҳбарлари номма-ном бириктирилган.
Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган ишлар натижаси ҳар ой якунида Ички ишлар вазири, ҳар чорак якунида Бош прокурор ва ҳар ярим йилда Бош вазир ҳузурида муҳокама қилиниши белгиланди.
Ишчи гуруҳ ташрифи давомида “Рақамли хавфсиз маҳалла” концепцияси намунасини яратиш мақсадида Термиз шаҳридаги “Алпомиш” маҳалласида “Хавфсиз шаҳар” маркази томонидан ўрганиш ўтказилиб, ҳудудга кириш-чиқиш жойларига, автобус бекатлари ва мактаблар олдида қўшимча равишда 20 та юзни таниб олувчи, 3 та айланма ва 3 та автомобиль давлат рақамларини аниқловчи интеллектуал камералар ўрнатилди ҳамда профилактика инспектори хизмат хонасига ва “Хавфсиз шаҳар” платформасига интеграция қилинди.
Сурхондарё вилояти маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкил этиш бўйича, масалан Термиз туманида “Хавфсиз ва рақамли маҳалла”, Термиз шаҳри ва Сариосиё туманида “Намунали хавфсиз кўча”, Денов ва Шеробод туманларида “Хавфсиз бола” ва “Пробация ва профилактик ҳисобдаги шахсларни соғлом турмуш тарзига қайтариш”, Ангор туманида “Хавфсиз бозор”, Денов туманида “Хавфсиз бекат”, Термиз ва Жарқўрғон туманларида “Хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” намуналарини яратиш вазифаси топширилди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика кичик инспекторлари, миграцион профилактика бўлинмалари, маъмурий амалиёт гуруҳлари ва профилактика бош инспекторлари лавозимларини жорий қилиш ҳамда тегишли штат бирликларини шакллантириш вазифаси топширилди. Бу жараёндаги ишни ташкил этишда Қумқўрғон тумани «Янгишаҳар» маҳалласида барпо этилиши режалаштирилган «Ҳуқуқ-тартибот маскани» лойиҳаси намунасидан фойдаланиш топширилди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.