Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда
2025-02-06 19:00:00 / Янгиликлар
![Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳининг Сурхондарё вилоятидаги ўрганишлари давом этмоқда](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2Fedd13349-3ef4-0298-0fce-4220760d7515_lists_slider_35281.jpg&w=3840&q=75)
Тадбир жараёнида Денов туманидаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Буюк келажак” маҳалласида ишчи гуруҳга туман сектор раҳбарлари, маҳалла еттилиги ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари иштирокида “Намунали хавфсиз йўлак”, “Ҳуқуқ-тартибот маскани” барпо этиш, “Хавфсиз бекат” намунасини ишга тушириш ҳамда “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” борасида бажарилиши ҳамда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти мутахассислари томонидан “Хавфсиз талаба ва аҳоли хавфсизлиги” янги яратилган платформалари орқали режалаштирилган ишларнинг тақдимоти қилинди.
Таъкидланишича, қарор ижросини таъминлаш мақсадида, туман ҳудудида жорий йилнинг биринчи чораги давомида 383 та ҳовли ва кўп қаватли уйларнинг хонадонлари ва 30 та савдо шохобчаларини Миллий гвардия қўриқловига олиш, 20 та кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига домофонлар, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 76 та юзни ва авторақамларни таниб олувчи камералар ўрнатиш белгиланган.
Тадбирда белгиланган вазифалар асосида маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш масалалари ижроси юзасидан масъулларнинг ахбороти тингланиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, тумандаги 15 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларига хизматда фойдаланишлари учун замонавий электроскутерлар республика ишчи гуруҳи ҳамда туман хокими томонидан тантанали равишда топширилди.
Денов туманидаги ўрганишлар “қизил” тоифадаги “Водий” маҳалласида ҳам давом эттирилиб, у ерда “Пробация ва профилактик ҳисобдаги шахсларни соғлом турмуш тарзига қайтариш” намунасини яратиш бўйича тақдимот билан танишилди, маҳалла еттилигининг жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлари ўрганилди.
Тадбир давомида Қизил сув дарёси бўйида “Ёшлар сайилгоҳи“ қурилиши лойиҳаси билан танишиш асносида, у ерда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, ҳунармандлар учун шароитлар ҳамда ёшларга иш ўринлари яратилиши бўйича тақдимот билан танишилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари Шўрчи туманида давом этди. Тумандаги “қизил” тоифадаги “Наврўз” маҳалласи ҳудудидаги “Чароғон” истироҳат боғида туман сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда маҳалла еттилиги билан учрашув ташкил этилиб, қарор талаблари батафсил тушунтирилди.
Ҳудудда “Ёшлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” ҳамда “Ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд, руҳий касаллар ва бошқа ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга манзилли тиббий хизмат кўрсатиш” намунасини яратиш бўйича янгича иш тизими тақдимоти ўтказилди. Тақдимот якунида 5 та “қизил” тоифадаги маҳаллаларга хизматда фойдаланишлари учун компьютер жамланмалари топширилди.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ томонидан Қумқўрғон тумани “Янгишаҳар” маҳалласи ҳудудида жорий йилнинг биринчи чорагида қуриб битказилиши режалаштирилган янги маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани лойиҳаси ҳамда тумандаги криминоген вазияти оғир ҳисобланган 7 та маҳаллаларида хавфсиз ҳудуд яратиш ишларининг тақдимоти ўтказилди.
Унда жорий йилнинг биринчи чораги давомида, маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудларга айлантириш юзасидан истиқболдаги вазифалар ҳақида сўз борди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятидаги барча маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги ишлар ўрганилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда.