Сурхондарёда хавфсиз муҳитни яратиш ва жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда
2025-02-05 14:00:00 / Янгиликлар

Қарор талабларини амалиётга татбиқ этиш жараёни Термиз шаҳрида ўрганилди. Вилоят ва шаҳар секторлар раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари ҳамда маҳалла еттилиги иштирокида криминоген вазияти оғир ҳисобланган “Боғишамол” маҳалласида янги ишга туширилган “Ҳуқуқ тартибот маскани” фаолияти билан танишилди.
Маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш бўйича жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар тақдимоти ўтказилди. Таъкидланишича ҳудудда мавжуд 107 та кўп қаватли уйларнинг йўлакларида 58 та домофон ва 32 дона ташвиш тугмалари ўрнатилиши, 38 та хонадонлар Миллий гвардия қўриқловига олиниши, 10 та йирик савдо марказлари 68 та видеокамералар билан жиҳозланиши, шунингдек Ислом Каримов кўчасини “Намунавий хавфсиз кўча” сифатида тайёрланиши режалаштирилган.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ томонидан Термиз шаҳрининг сектор раҳбарлари, “қизил” тоифада қолаётган “Тупроққўрғон”, “Бўстон, “Фарход”, “Мангузар” ҳамда “Алпомиш” маҳаллалари еттиликлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув ўтказилиб, қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла мутасаддиларининг аниқ вазифалари белгилаб берилди.
Жараёнда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини оширишда Термиз шаҳри бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури таништирилди. Шунга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида шаҳарнинг криминоген вазияти оғир ҳудудларида 132 та кузатув камералари, 14 та юз ва авторақамларни таниб олувчи камералар ўрнатилиши 49 савдо объектлари ҳамда 822 та хонадон қўриқловга олиниши, шунингдек кўп қаватли уйларда 315 та намунали хавфсиз йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилгани баён қилинди.
Тадбир давомида Термиз шаҳрида жойлашган IT-park фаолияти ҳамда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази томонидан тайёрланган “Е- nazorat” ва “E-davomat” иловаларининг тақдимоти ўтказилди.
Сурхондарё вилоятида республика ишчи гуруҳ аъзолари томонидан маҳаллаларда криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш ишларини режалаштириш ҳамда қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийларни жалб этган ҳолда туман ва шаҳарлар миқёсида ўрганиш ишлари давом эттирмоқда.