Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Самарқанд вилоятида ҳисобот йиғилиши ўтказилди
2025-01-31 12:00:00 / Янгиликлар

Тадбир видеоселектор форматида ўтказилиб, унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, барча туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари, Ички ишлар вазирлигининг соҳавий хизматлари мутасаддилари, Миллий гвардия, ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбий ташкилотларнинг раҳбарлари, шунингдек, маҳаллаларнинг еттилик гуруҳлари иштирок этдилар.
Йиғилишда таъкидландики, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича ишларни замонавий талабларга мослаштириш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Давлат раҳбари томонидан имзоланган қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда хозирда, республика даражасида идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва унинг Самарқанд вилояти бўйича таркиби ташкил этилган бўлиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ҳар бир туман ва шаҳар бўйича бажариладиган ишларнинг хажми аниқланиб, вилоят бўйича 1126 та маҳаллага оид “Йўл хариталари” тасдиқланган, шунингдек вилоят худудидаги 156 та “қизил” тоифага тушган барча маҳаллаларга масъул сектор раҳбарлари номма-ном бириктирилган. Ушбу маҳаллалардаги ишлар натижаси ҳар ой якунида Ички ишлар вазири, ҳар чорак якунида Бош прокурор ва ҳар ярим йилда Бош вазир ҳузурида муҳокама қилинади.
Самарқанд вилояти маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш ҳамда янгича ёндашувлар асосида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимини ташкил этиш бўйича, масалан Ургут туманида “Хавфсиз ва рақамли маҳалла” намунасини, Тойлоқ ва Пастарғом туманларида “Намунали хавфсиз кўча”ни, Булунғур туманида “Хавфсиз бозор”, Самарқанд шаҳрида “Хавфсиз бекат”, Оқдарё туманида “Хотин-қизлар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш” намуналарини яратиш вазифаси топширилди.
Ички ишлар вазирлиги томонидан профилактика кичик инспекторлари, миграцион профилактика бўлинмалари, маъмурий амалиёт гуруҳлари ва профилактика бош инспекторлари лавозимларини жорий қилиш ҳамда тегишли штат бирликларини шакллантириш вазифаси топширилди. Бу жараёндаги ишни ташкил этишда Самарқанд шаҳридаги «Боғисарой» маҳалласида янги ишга туширилган «Ҳуқуқ-тартибот маскани» намунасидан фойдаланиш топширилди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.