Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов томонидан Қашқадарё вилоятида ҳисобот йиғилиши ўтказилди
2025-01-25 15:00:00 / Янгиликлар

Видеоселектор шаклида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Муроджон Азимов, вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларининг мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ҳарбий соҳа ташкилотлари, шунингдек ҳамкор идораларнинг раҳбарлари ҳамда вилоятнинг барча маҳаллаларининг еттиликлари тўлиқ таркибда қатнашдилар.
Таъкидланишича, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилгани билан бирга маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Шунга қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, республика идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳи ва унинг Қашқадарё вилояти бўйича таркиби тузилиб, масъул давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари 2025 йилда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳаси бўйича маҳалла – туман – вилоят кесимида бириктирилди ҳамда жавобгарлик юзасидан огоҳлантирилди, ушбу масалага масъулиятсизлик билан ёндашган мутасаддиларга таъсир чораларини кўриш механизми ишлаб чиқилди.
Вилоят, 16 та туман ва шаҳар, шунингдек 832 та маҳаллалар кесимида йўл хариталари тасдиқланиб, 137 та “қизил” тоифадаги криминоген вазияти оғир маҳаллалар барча туман ва шаҳар сектор раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ва ички ишлар органлари бошлиқларига номма-ном бириктирилди, уларнинг иш натижадорлиги эса ҳар ой якунида – Ички ишлар вазири, ҳар чорак якунида – Бош прокурор ҳамда ҳар ярим йилда Бош вазир ҳузурида муҳокама қилиниши режалаштирилди.
Яккабоғ туманидаги “Айғиркўл” маҳалласида намунали хавфсиз йўлак ҳамда Кўкдала туманидаги “Хўжаобод” маҳалласида намунали хавфсиз кўча яратилди.
Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизмат раҳбарларига қарор билан янги ташкил этилаётган профилактика кичик инспектори, миграцион профилактика бўлинмалари, туманлараро маъмурий конвой ва маъмурий амалиёт гуруҳлари ҳамда профилактика бош инспектори лавозимларини жорий қилиш ва тегишли штат бирликларини шакллантириш бўйича вазифалар юклатилди.
Тадбир жараёнида масъулларнинг ахборотлари тингланиб, улар томонидан билдирилган таклифлар ижрога қаратилди ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ манзилли ишлар белгиланди.









