Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигида прокуратура, миллий гвардия ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг масъуллари иштирокидаги ишчи гуруҳнинг Қашқадарё вилоятида ўрганишлари давом этмоқда
2025-01-22 21:30:00 / Янгиликлар
Қарор талабларини амалиётга татбиқ этиш жараёни Китоб туманидан бошланди. Вилоят ва туман секторлар раҳбарлари, мутасадди идоралар ҳамда “қизил” тоифадаги “Пахтаобод” маҳалласи еттилигига маъмурий ҳудудда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури таништирилди.
Китоб туманидаги “Қайнар” маҳалласида ишчи гуруҳ аъзолари маҳалла гузарида ёшларга яратилган имкониятлар ва шарт-шароитларни кўздан кечирдилар. Жараёнда Қайнар ёшлар марказида, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар, китобхонлик ва мутолааси учун кутубхона, жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш борасида спортнинг шахмат-шашка, бокс тўгарагида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди.
Олти мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган масканда криминоген вазиятни жиловлаш, жиноятларни эрта аниқлаб олдини олиш, алоҳида тоифадаги шахслар билан манзилли тадбирларни олиб бориш ҳамда рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш борасида маҳалла еттилигига тегишли кўрсатмалар берилди.
Тегишли йўналишлар бўйича аниқ мажбуриятлар юкланди.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ вилоятнинг туристик маркази ҳисобланган Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, тадбиркорлик ва ободончилик ишлари ўрганилди.
Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар марказида ёшларга ҳунар ўргатишга мослаштирилган ипак тўқиш, тил ўргатиш, медиа марказ фаолияти ўрганилиб, бу борадаги ишларни янада кенгайтириш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу жойда туман секторлар раҳбарлари, “қизил” тоифада қолаётган “Кеш”, “Кулоллик” ҳамда “Пиллакашлик” маҳаллалари еттилиги билан криминоген вазиятни жиловлаш, жиноятларни олдини олиш борасидаги вазият таҳлил этилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган аниқ манзилли тадбирлар белгиланди.
Шаҳрисабз туманида бўлган ишчи гуруҳ Ёшлар марказида туман сектор раҳбарлари, “қизил” тоифада қолаётган “Полмон” ва “Чоршанбе” маҳаллалари еттилиги, алоқадор ташкилотлар раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда маҳалла мутасаддиларининг аниқ вазифалари белгилаб берилди.
Тадбир жараёнида маҳаллаларда, криминоген вазиятни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни эрта аниқлаб олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда мутасадди идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийларни жалб этган ҳолда маҳалла-туман- вилоят миқёсида ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида фаолият олиб бориш лозимлиги тушунтирилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.