28 декабрь куни Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чилонзор ва Учтепа туманларида ўрганишлар ўтказди
2024-12-29 10:05:00 / Янгиликлар
Жумладан, аҳолини қиш мавсумида энергия ресурслари билан тўлиқ таъминлаш, авариявий ва бошқа нохуш ҳолатларни зудликда бартараф этиш чораларини таъминланганлигини назорат қилиш, ҳамда бу борада тегишли идора ва ташкилотлар вакилларининг масъулиятига баҳо бериш мақсадида Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи “Poytaxt ziyo servis” бошқарув сервис компанияси, Учтепа тумани “Karavan” электр подстанцияси, “Учтепатумангаз” газ таъминоти бўлими ҳамда 5-сонли “Чилонзор иссиқлик маркази” корхонасининг фаолияти ўрганилди.
Тадбир жараёнида масъулларга электр таъминоти бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни узлуксиз ва сифатли амалга ошириш, электр узилишлари ёки бошқа муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, фавқулодда ҳолатларни олдини олиш ҳамда иш жараёнини такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Шунингдек ишчи гуруҳ томонидан Чилонзор тумани “Катта Навбаҳор” маҳалла таянч пункти, “Ўзавтовокзал сервис” йўловчи ташиш жамоат бирлашмаси ҳамда Учтепа тумани “Ширин” маҳалласида жойлашган 4-сонли ички ишлар бўлими ходимларининг тунги хизмат фаолияти ўрганилди.
Жараёнда маҳалла кўчаларида, кўп қаватли уйлар йўлакларида ва жамоат жойларида видеокузатув қамровини ошириш, юзага келаётган криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, аҳоли муаммоларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш бўйича “маҳалла еттилиги” фаолиятини самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди.
Шу билан бирга Янги йил байрамига бағишланиб маданий ва истироҳат боғлари ва кўнгил очар масканларида аҳолига бенуқсон хизмат кўрсатилиши ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминланишига эътибор қаратилди.
Тадбир давомида аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг кундалик ўрганиш ишлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.