Тошкентда қиш мавсумига тайёргарлик ва криминоген вазият ўрганилди
2024-12-17 19:20:00 / Янгиликлар
Белгиланган вазифаларнинг ижросини назорат қилиш ҳамда самарасини ошириш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан, жорий йилнинг 16 декабрь куни соҳа масъуллари ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг мутасаддилари иштирокида пойтахтимизнинг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишилди.
Жумладан, Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Шон-шуҳрат” маҳалласини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминловчи Туркиянинг “Iletekno” компанияси томонидан когенерация технологияларини жорий этиш лойиҳаси, туманнинг “Универститет” маҳалласи, Фаробий кўчасида жойлашган “Olmazor Holding Grand” бошқарув сервис компанияси, Олмазор тумани “Қуёш” маҳалласида жойлашган “Олмазор тумани электр таъминоти корхонаси” фаолияти билан танишилди.
Жараёнда тунги хизматга жалб этилган ҳуқуқ-тартибот идоралари, ҳокимлик, коммунал-тезкор хизматлар масъуллари ҳамда иссиқлик энергия корхоналари раҳбарларининг баёнотлари эшитилди.
Ҳудудларда коммунал тезкор хизматлар ва фавқулодда вазиятлар хизматининг мураккаб ёки авариявий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш фаолиятига баҳо бериш мақсадида Олмазор тумани “Университет” маҳалласи учун “Ўқув ташвиш” тадбири эълон қилиниб, масъулларнинг тезкор иш жараёни ўрганилди.
Тадбир жараёнида аниқланган барча камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан об-ҳавонинг мураккаб шароитларида аҳолига бенуқсон хизмат кўрсатилиши ва хавфсизлик чораларини тўлиқ таъминланиши вазифаларини ўрганиш учун Шайхонтоҳур тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимларининг хизмат ва жанговар шайлиги текширилди.
Тадбир давомида ишчи гуруҳ томонидан Олмазор тумани “Олимпия” маҳалласида жойлашган ногиронлиги бўлган болалар учун 1-сонли “Мурувват” интернат уйида яратилган шарт-шароитлар, шунингдек “Ибн Сино” номидаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасида беморлар учун яратилган шароитлар ва ташкил этилган ҳушёрхона фаолияти билан танишилди.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг кундалик ўрганиш ишлари мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.