Ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари ва секторлар раҳбарлари учун ташкил этилган ўқув-амалий семинарда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирок этди
2024-12-05 10:05:00 / Янгиликлар

Мазкур ўқув-амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 18-20 ноябрь кунлари Олий мажлис сенати ва қонунчилик палатасида сўзлаган нутқлари, шунингдек, 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилиши муносабати билан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун моҳиятини етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилди.
Ички ишлар вазири томонидан тингловчиларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида сектор раҳбарлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича тўлиқ тушунчалар берилди. Жумладан, умумий жиноятлар, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар, аниқланиши лозим бўлган жиноятлар ва маҳалла жиноятларини кескин камайтириш бўйича масъул раҳбарлар олдига қўйилган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 ноябрдаги 801-сон қарорида белгиланган вазифаларга мувофиқ “Ижтимоий профилактика” объектларининг ҳар бир тоифалари билан алоҳида ишлаш бўйича керакли тавсиялар берилди.
Семинар давомида “Хавфсиз оила” тамойили асосида белгиланган вазифалар, маҳалларда хавфсиз шароит яратиш бўйича ҳудуд тажрибалари, жиноятларни муҳокама қилиш тартиби, ёшлар билан ишлаш, куз-қиш мавсумидаги вазифалар ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маъруза ва интерфаол методлар орқали тингловчиларнинг кўникмалари оширилди.
Ўқув-амалий семинар ўз ишини 21 декабргача, 3 та босқичда ва 3 та гуруҳ билан давом эттириши режалаштирилган. Ҳар бир гуруҳда 250 нафардан зиёд тингловчи иштирок этиб, биринчи босқичда вазирлик ва идора масъуллари, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сирдарё вилоятларининг сектор раҳбарлари қатнашмоқда.
ИИВ Ахборот хизмати









