Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги муносабати билан байрам табриги
2024-08-31 23:20:00 / Янгиликлар
Ҳурматли ҳамкасблар!
Ички ишлар органлари ходимлари, ҳарбий хизматчилари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тингловчи-курсантлари, соҳа фахрийлари ҳамда юртимиз тинчлигини ҳимоя қилиб, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байрами билан самимий табриклайман.
Мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида ҳамма соҳаларда кенг кўламдаги ислоҳотлар бошланиб, изчил давом эттирилмоқда.
Маълумки, бугун юртимизда “Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун” деган эзгу тамойил асосий шиорга айланди.
Бундан мақсад – энг чекка ҳудудларда ҳам хавфсиз ва ҳар бир фуқаро учун муносиб шароитларни яратиш, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишдан иборат.
Янги Ўзбекистон даврида ички ишлар органлари фаолияти ҳам тубдан такомиллаштирилди, тизимни халқ манфаатлари йўлида хизмат қиладиган халқчил ва профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўтказилди.
Ходимларнинг кундалик фаолиятига замонавий рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқлари жорий этилди, қуйи тизимларда ҳам муносиб хизмат шароитлари яратилиб, ходимларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш янада мустаҳкамланди.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва бевосита маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш борасида бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилди.
Юртимизда барча йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Хусусан, турли хорижий халқаро ташкилотларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича жаҳон рейтингларида мамлакатимиз юқори кўрсаткичларга эришиб бормоқда.
Бироқ, бугун дунёда ва минтақамизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда, бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидай асраш, уни ҳимоя қилиш энг муҳим вазифа эканлигини ҳар биримиз бир дақиқа бўлса-да, унутмаслигимиз зарур.
Маълумки, бу йилги мустақиллик байрами “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғоя асосида нишонланмоқда.
Ўйлайманки, ички ишлар органларининг ҳар бир ходими зиммамиздаги масъулиятни чуқур англаб етган ҳолда, юрт осойишталигини асраш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш йўлида фидойилик ва садоқат билан хизмат қилади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли хизмат фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман!
Пўлат Бобожонов,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант.