Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов пойтахтимизнинг Яккасарой ва Бектемир туманларида ўрганишлар олиб борди
2024-07-11 12:00:00 / Янгиликлар
![Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов пойтахтимизнинг Яккасарой ва Бектемир туманларида ўрганишлар олиб борди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F6b3ae26f-5c56-d3e5-a8e1-44d993e8800a_lists_slider_.jpg&w=3840&q=75)
Давлатимиз раҳбари томонидан ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда маҳаллаларда осойишталикни сақлаш бўйича белгиланган вазифаларни амалий ижросини таъминлаш мақсадида ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Мирзарахимов Баходир Юлдошевич томонидан тунги вақтда пойтахтимизнинг Яккасарой ва Бектемир туманларида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганишлар давомида, Яккасарой тумани «Муҳандислар» маҳалласида жойлашган «Тошкент иссиқлик электр маркази» барча электр станциялари, трансформаторлар юкламаси ва унга уланган истеъмолчилар сони геолокация орқали яққол кўриниб туриши, ҳар бир ҳудудга бириктирилган мутахассислар онлайн режимда Тошкент шаҳрининг 6 та туманларида кечаю-кундуз хизмат олиб боришлари кўздан кечирилди.
Мажмуага хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланди, ходимларнинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича тезкор шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ томонидан Яккасарой тумани «Яккасарой» маҳалласи, Аския кўчасида қад ростлаган Тошкент шаҳар Фавқулодда вазият бошқармаси Ёнғин қутқарув отрядининг тезкор хизмат фаолияти ва жанговар шайлиги кўздан кечирилиб, Яккасарой тумани Ракатбоши маҳалласи ва Яккасарой кўчасида жойлашган Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходимларининг хизмат фаолияти ўрганилди. Тадбир жараёнида асосий эътибор, хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Шундан сўнг Бектемир туманида жойлашган «Food city Tashkent» қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозорида татбиқ этилаётган хавфсизлик чоралари, аҳоли ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, ҳудудда жамоат тартибини сақлашга бириктирилган Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимларининг хизмат фаолияти ўрганилиб, хавфсизлик чораларига эътибор қаратилди, содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларда бириктирилган ходимларнинг шайлик ҳолати назорат тариқасида текширилди.
Савдо мажмуасига хавфсизликни таъминлашга жалб қилинган ходимларнинг ахборотлари тингланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштириш борасида тегишли кўрсатмалар берилди.
Пойтахт ҳудудига кириш ва чиқиш йўналишларида хавфсизлик чораларининг тўғри ва тизимли ташкил этилгани Бектемир туманидаги «Бектемир» йўл патруль хизмати масканлари мисолида ўрганилиб, Вазир ўринбосари томонидан шахсий таркибга хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Ахборот гуруҳи