Наманган вилояти Косонсой туманида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” ёшлар фестивали ва вилоят раҳбарларининг очиқ мулоқоти ўтказилди
2026-02-19 13:30:00 / Янгиликлар

Косонсой туманида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида кенг кўламли ёшлар фестивали ҳамда вилоят раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилди.
Тадбирлар аввалида туманнинг “М.Аъзам” маҳалласида жойлашган спорт мактабида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Унда Шавкатжон Абдураззоқов бошчилигида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва турли салбий иллатлардан, хусусан гиёҳвандликдан асраш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Фестиваль доирасида “Ёшлар меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, бўш иш ўринлари таклиф қилинди. Шунингдек, расмлар танлови, китоблар ярмаркаси, концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва савдоси ҳам йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, “Заковат” интеллектуал ўйини, шахмат, футбол, волейбол, бокс, кураш, стол тенниси, армрестлинг, камондан ўқ отиш мусобақалари, миллий халқ ўйинлари ҳамда “Ош чемпионати” ўтказилиб, ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Фестиваль доирасида туманнинг “Боғибаланд” маҳалласида жойлашган ихтисослаштирилган мактабда вилоят раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқоти ҳам ташкил этилди. Унда 100 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтираётган масалалар, таклиф ва ташаббуслари юзасидан мурожаат қилдилар.
Хусусан, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, ички ишлар органларида хизмат қилиш, деҳқончилик учун ер ажратиш, тикув машиналари хариди учун имтиёзли кредит олиш ҳамда олий таълим муассасаларида контракт тўловларини амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинди. Ички ишлар органларида хизмат қилиш истагини билдирган ёшларга қабул тартиби ва қўйиладиган талаблар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирлар ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокига янада кенг имконият яратишга хизмат қилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати









