Ички ишлар вазири ҳамда Бош прокурор иштирокида Бухоро вилоятида жамоат хавфсизлигини ҳамда криминоген вазиятни барқарорлигини таъминлаш масалаларига оид тезкор йиғилиш ўтказилди
2024-06-01 23:50:00 / Мажлислар
Тадбирда ички ишлар ва прокуратура органларининг соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят сектор мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг масъул ходимлари иштирок этдилар.
Йиғилишда, Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларда жамоат хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликни олдини олишда «маҳаллабай» ва «фуқаробай» иш ташкил этиш, туристик объектларда хавфсизликни таъминлаш борасидаги топшириқлари, ички ишлар органлари фаолиятининг жорий йилдаги сарҳисоби ҳамда келгусида қонун устуворлигини назорат қилиш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбир жараёнида Бухоро вилоятида оила-турмуш муносабатлари доирасида, шунингдек, ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу борада маҳаллаларда шакллантирилган еттиликнинг ҳамкорлик масалалари танқид қилинди, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди.
Шунингдек, йиғилишда Бухоро вилоятида жорий йилнинг ҳисобот даврида жиноятчиликка қарши кураш масалалари, жамоат хавфсизлиги концепциясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя этилиши ҳамда бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар танқидий кўриб чиқилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Тадбирда кўтарилган муаммолар ва ечимини кутаётган масалалар бўйича соҳа мутасаддиларининг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, белгиланган истиқболли вазифаларнинг ижроси юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
ИИВ Ахборот хизмати