Ички ишлар вазирлиги томонидан Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди
2026-02-09 11:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Маънавий-маърифий ишлар хизмати ташаббуси билан, Ички ишлар органлари ёш ходимлари иштирокида Ўзбек халқининг буюк фарзанди, жаҳон адабиётининг мутафаккир сиймоси — Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ички ишлар органлари тизимида фаолият олиб бораётган ёш ходимлар, маънавий-маърифий ишлар хизмати масъуллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этдилар.
Йиғилиш давомида Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли, давлат ва жамият олдидаги хизматлари, туркий тил ва адабиёт тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир давомида Навоий асарларида акс этган инсонпарварлик, адолат, ватанга муҳаббат, комил инсон ғоялари бугунги кунда Ички ишлар органлари ходимлари фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, ёш ходимлар томонидан буюк шоирнинг ғазалларидан намуналар ифодали ўқилди, асарлари мазмуни юзасидан маънавий-маърифий таҳлиллар қилинди.
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий меросини ўрганиш ва унинг ғояларини ҳаётга татбиқ этиш ёш авлод, айниқса, ҳуқуқ-тартибот соҳасида хизмат қилаётган ходимлар учун муҳим маънавий таянч эканини қайд этдилар.
Бу каби маърифий тадбирлар буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг бой адабий-маънавий меросини кенг тарғиб этиш, ёш ходимлар онгида миллий ғурур, ватанпарварлик, маънавий поклик ва китобхонлик маданиятини янада юксалтиришга хизмат қилади.




