Касб фидойиси. Ёшлар тақдири учун масъуллик
2026-01-05 07:35:00 / Янгиликлар

Бугун ёш авлод тарбияси, уларни турли ёт таъсирлардан асраш, жиноят ва ҳуқуқбузарлик йўлига кириб қолишининг олдини олиш — ҳар бир масъул идора ва ходимнинг бурчига айланган. Шу маънода Чортоқ тумани ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш инспекторлари, айниқса, уларнинг кундалик фидокорона фаолияти таҳсинга лойиқ.
Ушбу хизмат томонидан туманда жойлашган 57 та умумтаълим мактаби, 2 та касб-ҳунар мактабида вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган тарғибот ва профилактик тадбирлар амалга оширилди. Учрашувларда ёшлар билан очиқ мулоқот, қонунбузарликнинг аянчли оқибатлари ҳақида таъсирчан суҳбатлар олиб борилди. Бу эса ўз самарасини бериб, туманда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайишига эришилди.
Айниқса, туман ИИБ ВЙ ва ЙБИГ катта инспектори, капитан Раҳматиллохон Собитхоновнинг шахсий ташаббуси ва масъулиятли ёндашуви эътиборга молик. У нафақат хизмат вазифасини бажариш, балки ҳар бир боланинг ички дунёсига кириб бориш, уни тинглаш ва тушунишга ҳаракат қилмоқда. Тарбияси оғир бўлган 6 нафар ўқувчи билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиб, уларнинг қизиқиш ва истеъдодларини ўрганди. Натижада ушбу ёшлар ахборот технологиялари ҳамда корейс тили бўйича ўқув курсларига жалб этилди. Бу эса уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўз устида ишлашга ундаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, капитан Раҳматиллохон Собитхонов бошчилигида ўтказилган профилактик тадбирлар давомида туман ҳудудида назоратсиз ва қаровсиз юрган 37 нафар ёшлар аниқланиб, Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига жойлаштирилди. Энг қувонарли жиҳатлардан бири эса бедарак йўқолган 1 нафар вояга етмаганнинг тезкорлик билан топилиб, ота-онасига соғ-саломат топширилганидир.
- Бола эътиборга, меҳрга ва тўғри йўлга муҳтож. Асосий мақсад — уларни жазолаш эмас, балки ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, — дейди лавҳамиз қаҳрамони.
Айтиш жоизки, бундай инсонпарварликка асосланган профилактик ишлар нафақат ҳуқуқбузарликларнинг олдини олади, балки ёшлар қалбида ишонч, масъулият ва келажакка умид уйғотади.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
